18:06 | 31.05.23

                       

Тошкентда уй талашган ука акасини ўлдирди

Айбланувчи муқаддам олти маротаба судланган

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида қасддан одам ўлдириш жинояти бўйича судланувчига нисбатан иш кўриб чиқилди. Бу ҳақида Тошкент шаҳар судлари хабар қилди.

Маълум бўлишича, муқаддам олти маротаба судланган 44 ёшли шахс қамоқдан чиққанидан кейин акаси билан уй талашиб жанжаллашган. Ака унга уйни сотиш таклифини берган, ука эса уйга тўлиқ ўзи эга чиқишни хоҳлаган.

Шундан сўнг, 19 февраль куни келишмовчилик оқибатида айбланувчи акасини калтаклаган.

Менга пичоқ кўтарди, мен ҳам урдим. Уйдан чиқиб кетдим, ҳали тирик эди. Уч кундан кейин мени қўлга олиб, ўлганини айтишди, — дейди айбланувчи.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, марҳум бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия тўқималари ва пардалари остида қон қуйилиши, шунингдек, кўкрак қафаси ва икки томонлама қовурғалар синиши, ўпка ва буйрак лат ейиши, талоқнинг ёрилиши ва бошқа тан жароҳатларидан вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «ж ва с» бандларидаги жиноятни содир қилган шахсга 85 миллион 505 минг сўм жарима ҳамда 17 йил 6 ой муддатга қамоқ жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: