Тошкентда янги очилган кутубхонага Президент ташрифи олдидан «Молочний домик» дўкони бузиб ташланди
Тадбиркор дўконни бузиш қарори шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси Бахтиёр Раҳмонов, шаҳар ҳокими Шавкат Умурзақов ҳамда Бош вазирнинг сўзсиз розилиги билан амалга оширилганини айтмоқда. Амалдорлар қарорни дўкон давлат раҳбарининг ташрифи давомида ҳудуд кўркини бузиб туриши билан изоҳланган.
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Марказ-1 даҳасида жойлашган «Молочний домик» дўкони 28 август куни буздириб ташлангани ҳақида корхона расмий Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

«Молочний домик» маъмуриятига кўра, дўкон бузилишига Шавкат Мирзиёевнинг дўкон рўпарасида жойлашган, куни-кеча реставрациядан чиққан республика болалар кутубхонасининг очилиш маросимига ташрифи сабаб бўлган. Дўконни бузиш қарори шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси Бахтиёр Раҳмонов томонидан чиқарилиб, дўкон давлат раҳбарининг ташрифи давомида ҳудуд кўркини бузиб туриши билан изоҳланган.

Ҳокимлик вакиллари дўконни бузиш ҳақидаги қарорини «ташриф тугагунга қадар, бир неча кунга» деб тушунтирган. Корхона маъмурияти аввалроқ туманнинг Муҳаммад Юсуф ва Саёҳат кўчаларида ҳам шунга ўхшаш муаммо юзага келгани, бироқ дўконлар бузилмай давлат раҳбарининг ташрифи ҳеч қандай муаммоларсиз ўтган.
Ҳокимнинг янги ўринбосар тадбиркорларнинг ҳуқуқларини менсимай, поймол қилиб, уларнинг манфаатларидан қатъи назар, аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда. Ташриф бўладиган бино кўчанинг нариги томонида, 50-60 метр оралиқ масофада жойлашган, дейилади корхона мурожаатида.
Бундан ташқари, «Молочний домик» корхонаси Президентнинг биринчи ёрдамчиси Саида Мирзиёевага ҳам мурожаат йўллаб, ундан ҳам ёрдам сўраган.
28 август куни эрталаб, соат 08:00 да Тошкент шаҳар ҳокими томонидан шу ерда қарийб 9 йилдан буён фаолият юритиб келаётган «Молочний домик»ни бузиш бўйича кўрсатма берган.
Корхона мурожаатида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари амалдорлар томонидан поймол этилиб, оёқости қилинадиган эски даврга қайтдикми деган саволни ўртага ташлаган.
Бузиш ишлари Бош вазирнинг сўзсиз розилиги билан икки соат ичида амалга оширилди, мулкимизни номаълум томонга олиб кетилди. Чет эллик таъсисчимиз бизга Ўзбекистонда бизнесни янада кенгайтириш ва мамлакатимизга сармоя киритишдан бош тортишини маълум қилди. Ҳурматли Саида Шавкатовна, ҳуқуқларимизни тиклашга ёрдам беришингизни сўраймиз», дейилади мурожаатда.
Bugun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида «Диёр Бизнес» бош директори Жалолиддин Исхаков билан гаплашиб, қўшимча маълумот олди. Тадбиркорнинг айтишича, ҳокимият томонидан дўконнинг бузилишига аниқ сабаб келтирилмаган. Фақатгина президентнинг болалар кутубхонаси очилишига келиши ва шу муносабат билан ҳудуднинг кўринишини яхшилаш зарурлиги айтилган холос.
Улар ҳеч қандай ечим таклиф қила олишмади. Бунинг учун асос топа олишмади ва ҳеч кимга халал бермаган, йўлни ҳам тўсиб қўймаган «Молочний домик»ни бузиб ташлашди, — дейди Жалолиддин Исхаков.
Маълумот ўрнида, «Молочний домик» шаҳарда қандли диабетга чалинганлар учун туя сутини етказиб берувчи ягона ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Тошкентда корхонага тегишли 5 та стационар дўкон мавжуд бўлиб, уларда 120 га яқин ходим меҳнат қилиб келади.

Аввалроқ шу йилнинг май ойи охирида ҳам, Мирзо Улуғбек туманининг Марказ-1 даҳасидаги айрим дўкон ва овқатланиш шохобчалари бош вазир Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг қарори билан бузиб ташланаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шаҳар ҳокимлиги ушбу вазиятга муносабат билдириб, ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари шаҳарсозлик нормаларини бузаётгани, Марказ-1 даҳасида истиқомат қилувчи фуқаролар ўзлари яшаб турган уйларнинг пастки қаватларида ташкил этилган объектларнинг фаолиятидан норозилигини билдириб, уларнинг шовқини, таомларнинг ҳиди, уларга қатнайдиган аҳолининг транспорт воситалари қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётганидан арз қилганини маълум қилганди.
Баёнотда, шунингдек, вазиятни ўрганиш ва тегишли қарор чиқариш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилгани, бунда Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари иштирок этмагани ва кўрсатма бермагани айтилганди, ҳамда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов ҳам хабарга раддия берган.
Жалолиддин Исхаков дўконнинг бузилиши ҳақидаги қарор давлат раҳбарининг сиёсатига зид бўлиб, президент вазиятдан хабардор бўлганида, албатта бунга йўл қўймаган бўлишини таъкидлайди.

Қайд этиш керак, Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишларида тадбиркорларга шароит яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини, тадбиркорларнинг фаолиятига аралашиш, уларга босим ўтказишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини бот-бот такрорлайди. Хусусан, давлат раҳбари шу йилнинг 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, бизнесга ортиқча аралашув ва коррупция ҳолатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
Бундан уч йил аввал, 2020 йилнинг 8 январ куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса ҳар бир ҳоким тадбиркорларга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши кераклиги, битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга «фавқулодда ҳолат» сифатида қаралиши зарурлиги таъкидланганди.
Президент ҳудудларга ташрифлари давомида қилинадиган кўзбўямачиликларни ҳам кўп танқид қилади. Масалан, бир неча йил олдин Самарқанд шаҳрида президент ташрифи арафасида ободонлаштириш ишлари учун жалб қилинган 23 ёшли ўқитувчи аёлнинг автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлиши ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва давлат раҳбари масъулларга ўқитувчи ва шифокорларни ўз фаолиятидан ташқари ишларга жалб қилмаслик бўйича қатъий огоҳлантириш берганди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 29 август куни Мирзо Улуғбек тумани Яҳё Ғуломов кўчасидаги янгитдан таъмирдан чиққан кутубхонани бориб кўрди.