20:44 | 12.09.24

                       

Тошкентдаги мактабда Миллий гвардия ходимлари учун пул йиғилаётгани айтилмоқда

Тошкентдаги мактабда Миллий гвардия ходимлари учун пул йиғилаётгани айтилмоқда. Миллий гвардия матбуот хизмати вазиятни изоҳлади.

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги мактабларнинг бирида Миллий гвардия ходимлари учун пул йиғилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Миллий гвардия матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Таъкидланишича, меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, мактаблар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир мактаб учун қоровуллар штатлари ажратилган бўлиб, уларни молиялаштириш давлат бюджети томонидан амалга оширилиб келинмоқда. Миллий гвардия бўлинмалари томонидан таълим муассасалари ёки фуқаролардан мактабларни қўриқлаш учун пул талаб қилиш юзасидан ҳеч қандай топшириқлар берилмаган.

«Шунинг учун, берилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.

Эслатиб ўтамиз, оммавий ахборот воситалари орқали ёлғон маълумот тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади. Фуқароларимиздан ёлғон ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмасликларини сўраб қоламиз!», дейилади хабарда.

Маълумот учун, тарқалган хабарларга кўра, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 265-мактабда Миллий гвардия ходимларига қўриқчилиги учун ота-оналардан пул йиғиб олинган.

Ота-оналар гуруҳида синф раҳбари пост қолдирган. Унда, жумладан, август ойида катта мажлис бўлиб ўтгани, мажлисда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаб турадиган МГ ходимларига мактаб маъмурияти ва ота-оналар томонидан ҳомийлик асосида пул тўланишига бир овоздан келишиб олингани айтилган.

Ҳар бир боладан 20 сентябрга қадар 50 минг сўмдан йиғиш зарур эканлиги сўралган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: