16:24 | 06.10.23

                       

Тошкентнинг Юнусобод тумани аҳолиси йўл инфратузилмасидан норози эканлиги айтилмоқда

Бўзсув ва Салар каналлари жуда ачинарли ҳолатда, пиёдалар йўли эса деярли мавжуд эмас.

Тошкент ҳалқа автомобил йўлининг Юнусобод тумани Боғишамол кўчаси ҳудудига тўғри келувчи Республика перинатал маркази, Бўзсув ва Салар каналлари ҳудуди ахлатга тўлиб кетган, юк машиналари туғуруқхона атрофини машина турар жойига айлантириб юборганлигидан ҳудуд аҳолисининг норозилиги айтилмоқда.

Фото: Bugun.uz

Айни кунларда Бўзсув ва Салар каналлари жуда ачинарли ҳолатда. Каналлар на ўт-ўланлардан, на чиқиндилардан тозаланган, яъни каналлар атрофи қаровсиз ва чиқиндилар йиғиладиган ҳудудга айланиб қолган. Бу ерлар 10 йилча аввал кўм-кўк даҳа бўлиб, ҳозир эса дарахтлар кесилган, унинг ўрнини эса юк машиналари эгаллаганлиги айтилган.

https://www.youtube.com/watch?v=jYCEAFCbrNo

Пиёдалар йўли эса у деярли мавжуд эмас. Масалан, Университет кўчасидан Салар каналигача пиёдалар йўлаги йўқ эканлиги сабабли йўловчилар машина йўлининг бир қисмидан юришга мажбур. Бу эса биринчидан аҳолининг хавфсизлигига, иккинчидан йўл тартиб-қоидасига мутлақо тўғри келмайди.

Фото: Bugun.uz

Шу йўлнинг қарама-қарши томони – Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникасига элтувчи йўл қурилиш учун мўлжалланган оғир машиналар турар жойига айлантирилган. Юк машиналарнинг турар жойи бўлмаган бу ҳудуднинг эндиликда банд этилгани пиёдалар ва талабаларга ноқулайлик туғдирмоқда. Бу майдон аввал хиёбон бўлган ва бугунги кунга келиб дарахтлар кесилган ҳамда ҳудуд бетонлаб ташланган.

Дарахтлар сунъий йўл билан нобуд қилиниши, боғларнинг қуриб қолиши ҳақиқатан фожиали кўриниш олмоқда. Кўкаламзорлаштириш йўлидан бориш ўрнига барча яшил ҳудудлар йўқолиб боряпти.

Фото: Bugun.uz

Ноқулайликлар ҳамда атроф муҳитнинг тобора қараб бўлмас аҳволга айланиб бораётгани маҳаллий аҳоли, шунингдек, институт талабаларининг норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда. Талабаларнинг айтишича, ҳозирда йўллар тирбанд, пиёдалар йўлаги йўқ, бори ҳам таъмирталаб.

Фото: Bugun.uz

Айни кунларда мазкур ҳудудни обод қилиш учун зудлик билан ҳаракатни бошлаш шарт ва зарур. Масалан, талабалар йўл четига дарахт ва гуллар экилиши юзасидан таклиф билан чиқишмоқда. Бироқ бундай таклифлар жавобсиз қолиб кетмаслиги зарур. Акс ҳолда маҳаллий аҳоли, талабалар қиш кунларида юриб бўлмас йўлдан азият чекиши мумкин.

Фото: Bugun.uz

Аҳоли вакиллари ҳамда университет маъмурияти йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар яқин орада тартибга келтирилишидан умидвор.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: