9:30 | 23.03.23
Унда 22 номинация бўйича брендлар, агентликлар ва рақамли контент муаллифларини тақдирлаш маросими — Digital Marketing Awards бўлиб ўтди
Hilton Tashkent City меҳмонхонасида 19–20 март кунлари халқаро дигитал маркетинг-конференция ва 22 номинация бўйича брендлар, агентликлар ва рақамли контент муаллифларини тақдирлаш маросими — Digital Marketing Awards ўтказилди.
Форум Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон маркетинг уюшмаси томонидан ташкил этилган.
Маълум қилинишича, бугунги кунда форум Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Беларус, Норвегия, Украинадан кўп йиллик тажрибага эга ва етакчи халқаро брендлар билан ишловчи 20 дан зиёд етакчи спикерларни жамлаган.
Икки кунлик конференция давомида самарали рақамли стратегияни қандай яратиш, бизнесда қандай дижитал-воситалардан фойдаланиш, Telegram ва AliBaba’да қандай илгарилаш ва сотиш, интернетдаги реклама самарадорлигига қандай таъсир кўрсатиш, дижиталда кучли брендларни қандай қуриш ва яна кўплаб бошқа қизиқарли мавзуларга оид чиқишлар бўлди.
«Биз рақамли маркетинг соҳасида хизмат кўрсатувчи янги ҳамда машҳур компаниялар, дижиталга эътибор берувчи фаол ва машҳур брендлар, шунингдек, мана шу технологиялар, маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланувчилар ўртасида мулоқот ва танишув имкониятини яратиш мақсадида ҳар йилги янгича майдончани яратяпмиз. Бу имкониятдан истисносиз барча бизнес вакиллари ва интернет-коммуникация бозори иштирокчилари — бошловчи блогерлар ва SMM-мутахассислардан то йирик инвесторларгача фойдаланишлари муҳим. Ҳар бир иштирокчининг фикридан келиб чиқиб кейинги форумлар кун тартиби шакллантирилади», — деди форум ташкилотчиси, Ўзбекистон маркетинг уюшмаси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов.
Форум доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва россиялик блогерлар иштирокида таъсир маркетинги, блогерларнинг фаолияти ва инфлюенс-маркетинг трендлари билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган панел муҳокамалари ўтказилди.
20 март куни бўлиб ўтган Digital Marketing Forum доирасида энг муваффақиятли брендлар ва агентликларни тақдирлаш, шунингдек, 2022 йилда энг шов-шувли лойиҳалар ва постларга эга бўлган блогерларни 11 та номинация бўйича энг кенг кўламли мукофотлаш бўлиб ўтди.
Instagram, Telegram’нинг 2022 йил учун рақамли кўрсаткичлари бўйича, 11 та алоҳида номинацияда энг турфа хил, жалб қилувчан, машҳур постлар яратувчи агентликлар ва брендлар тақдирланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: