11:05 | 06.10.23

                       

Тожикистонда қурилаётган ГЭСлар Ўзбекистоннинг электрга бўлган талабини қондириш учун йўналтирилади

Тожикистон узоқ истиқболда бутун минтақа учун электр энергияси етказиб бермоқчи.

Тожикистонда янги қурилаётган гидро электр станциялари яқин истиқболда Ўзбекистонда электр энергиясига нисбатан ўсиб бораётган талабни қондириш учун йўналтирилади. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Сорбон Холмуҳаммадзода 4 октябр куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти энергетика форумида маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, ШҲТ давлатлари Тожикистонда янги ГЭСлар қуришда фаол иштирок этмоқда.

«Масалан, Тожикистоннинг Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва фойдаланиш учун Ўзбекистон билан ҳамкорликда акциядорлик жамияти ташкил этилди. Станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси қисқа муддатда Ўзбекистонда, ўрта ва узоқ истиқболда эса минтақанинг бошқа мамлакатларига ўсиб бораётган талабни қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган», дейди у.

Бундан ташқари мамлакат электр станциялари умумий қувватини 375 мегаваттга етказиш учун энг йирик ГЭСларини реконструкция қилишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкентда Тожикистоннинг Айний вилоятида, Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишини бошлаш учун виртуал маросим бўлиб ўтган эди. Маросимда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ҳам иштирок этган.