20:40 | 29.06.24

                       

Туркий давлатлар Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси ташкил этилди

28 июнь куни Тошкентда Туркий давлатлар ташкилоти ҳомийлигида Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси аъзоларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида ТДТ ҳомийлиги остида Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси халқаро нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш, таъсис ҳужжатларини имзолаш маросимилари бўлиб ўтди, шунингдек, Алянс бош котиби ҳамда котибият аъзолари тайинланди. Алянсга бош котиб этиб Ўзбекистон хусусий сектори вакили Асқар Қодиров сайланди.

Тадбир логистика инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ТДТга аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида муҳим қадамлардан бири эканлиги таъкидланмоқда. Бундан ташқари, МДҲ давлатлари орсида догистика ва юк ташишдаги муаммоларга ечим бўлиши кутилмоқда.

Бу қандай ташкилот?

Мазкур алянс Туркий давлатар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида юк ташиш ва логистика марказларини ривожлантириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилмоқда. Шунингдек, тузилма соҳага доир муҳандислик ишлари ва консалтинг хизматлари билан шуғилланувчи юридик ва жисмоний шахсларни ўзида бирлаштиради.

Тадбирда иштирок этган транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров янги тузилма транспорт соҳасидаги боғлиқликни ривожлантиришга, юк оқимини кўпайтиришга ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.

«160 миллион кишилик аҳолини қамраб олган ТДТ ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар ва транспорт потенсиалига эга минтақа ҳисобланади. ТДТнинг барча мамлакатлари томонидан ушбу йўналишда келишилган ҳолда олиб бориладиган қўшма ҳаракатларгина ягона, ривожланган ва самарали ишлайдиган транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради», – дейди Маманбий Омаров.

Янги Алянс орқали туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган транспорт инфратузилмаларини яратиш, бизнес структураларини ўзаро боғлаш ҳамда муаммоларга ҳамкорликда ечимини топишга умид билдирилмоқда.

«Ҳозирча қайси логистика маркази айнан қаерда қурилиши, ҳисоб-китоблари ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин бу нарса туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган транспорт инфратузилмаларининг яратилишида ва алянснинг бевосита йўналишларидан бири ҳисобланади. Альянсни ташкил этишдан асосий мақсад — бизнес структураларини ўзаро боғлаш, ҳамкорликда ишлаб, муаммолар ечимини топиб, бирга ривожлантириш. Рақобат ўз йўлига, лекин биргаликда қилинадиган ишлар бор», дейди Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов.

Альянснинг мақсадлари

Тузилманинг асосий мақсади сифатида минтақадаги транспорт-логистика салоҳиятини ошириш белгиланган. Бундан ташқари, туркий мамлакатлардаги йирик логистика марказлари, юк ташувчилар, терминаллар, денгиз ва қуруқлик портлари  ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳам альянснинг асосий мақсадлари қаторидан ўрин эгаллаган.

Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимовга кўра, Туркий мамлакатлардаги йирик логистика марказлари, юк ташувчилар, терминаллар, денгиз ва қуруқлик портлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ечимларни жорий этиш орқали бутун минтақанинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш Альянснинг асосий мақсадлари қаторига киради.

Аҳамияти

Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика соҳаларини ривожлантириш ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Жумладан, мазкур соҳадаги ҳар қандай яқинлашув ва ўзаро ҳамкорлик аъзо давлатларга товар ва маҳсулотларни сотиш учун янги бозорга чиқиш, маҳсулот таннархини камайтириш каби қулайликларни яратади. Шунингдек, мамлакатлар орасида импорт ва экспортни осонлаштириб, товарларни етказиб бериш жараёнлари янада тезлаштиради.

Транзит ва логистика соҳаларининг Туркий давлатлар орасида тармоқланиши ва яхлит тизимнинг яратилиши орқали дунё бозорларидаги асосий транспорт ва логистика коридорларининг вужудга келишига замин яратилади.

Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси Туркий давлатлар ташкилоти аъзолари ўртасида логистика ва транспорт соҳаларини ривожлантириш орқали иқтисодий барқарорликка эришиш йўлини янада осонлаштиради.

«Биз камида икки ҳафта вақт ва нарх тежашни мақсад қиляпмиз ва уларни Туркиянинг жануби Мерсин портларига улаш учун шарқдаги йўналишларидан фойдаланамиз, Мерсиндан Марказий Осиё, Хитойдан океан транспорти орқали Озарбойжонга улаш ҳам мумкин. Бу барча минтақавий мамлакатлар учун жуда самарали йўналиш бўлади.Шунингдек, Зенгезур коридори мамлакатларимиз иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшади», дейди Боку халқаро денгиз савдо порти бўлим бошлиғи Худаяр Ҳасанли.

Маълумот учун, Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) — 2009 йил 3 октябрда «Нахчиван шартномаси» асосида ташкил этилган бўлиб, бош котибияти Истанбулда жойлашган.

Унинг дастлабки номи Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бўлиб, унга Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари аъзо бўлган. Ўзбекистон 2019 йилда тўлақонли аъзо бўлди. Венгрия ва Туркманистон ТДТда кузатувчи мақомига эга. Бугунги кунда ТДТ ҳудуди тахминан 4,2 млн кв.кмни ташкил этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: