16:54 | 18.05.23

                       

Туркияда Турк ошхонаси ҳафталиги бўлиб ўтади

«Туркча таомланиш» маросимлари доирасида меҳмонларга турк қаҳваси ва локумлар тақдим этилади

Туркияда 21-27 май кунлари Турк ошхонаси ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу йил иккинчи марта бўлиб ўтадиган мазкур ҳафталикда ЮНEСКО ижодий шаҳарлар тармоғи томонидан белгиланган «Дунёнинг 26 гастрономия шаҳри» Ҳатайнинг минтақавий таомларига урғу берилиши билан бир қаторда, Турк таомларини тайёрлашда ортиқча чиқиндилар чиқишига йўл қўймасликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Фото: Туркия туризм агентлиги

Мазкур тадбир Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан амалга оширилади. Туркиянинг дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналари Ҳатай ошхонасининг ўзига хос таъмини ​​тарғиб қилиш мақсадида турли тадбирлар ва ижтимоий медиа кампанияларини ўтказади.

Қадимий, барқарор, чиқиндисиз ва соғлом — Турк ошхонаси анъаналари ҳақида

Турк ошхонаси ҳафталиги тадбирлари иштирокчилари маҳаллий маҳсулотлар ва анъанавий пишириш усулларидан фойдаланган ҳолда Ҳатайнинг маҳаллий таомларини тайёрлайдилар ва қадимги барқарор турк ошхонаси билан батафсил танишиб чиқадилар. Шу билан бирга, улар турк ошхонасининг бой биологик хилма-хиллиги ва унинг турли хил овқатланиш тамойилларига жавоб беришга тайёрлиги ва салоҳияти ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўладилар. Иштирокчилар турк ошхонасининг барқарор ва чиқиндисиз ёндашувга асосланган пишириш методологияси билан амалий тажрибага эга бўладилар. Соғлом ва давомий турк рецептлари иштирокчиларни бирлик ва бирдамлик, шунингдек, маданий барқарорлик туйғулари ила тузилган «туркча таомланиш» маросимлари доирасида бирлаштиради. Тадбир давомида меҳмонларга турк қаҳваси, турк чойи, локумлар ва бошқа лаззатлар тақдим этилади.

«Зайтун салати», «ҳуммус» ва «кисир» — Ҳатайнинг ўзига хос таомлари ҳақида

Бу йилги Турк ошхонаси ҳафталигининг дунё миқёсидаги тадбирларида Ҳатай ошхонасининг лаззатларига бағишланган ўзига хос таомнома тақдим этилади. Гастрономия соҳасида ЮНEСКО ижодий шаҳарлар тармоғининг бир қисми бўлган Ҳатай, беқиёс ошхонаси билан эътиборни тортадиган Туркия шаҳарларидан биридир. Ҳатай ошхонаси Ўрта Ер денгизи иқлими ҳукмрон бўлган унумдор тупроқларда етиштирилган юқори сифатли зайтун мойи ва дон, дуккакли экинлар, сабзавотлар, мевалар, маҳаллий ўтлар ва зираворларни бирлаштирган ҳолда мўъжизалар яратади.

Фото: Туркия туризм агентлиги

Тарих давомида турли цивилизацияларга мезбонлик қилган шаҳарнинг ошпазлик мероси ўзига хос нонушта ва юзлаб таомлари билан диққатни тортади. Турк ошхонаси ҳафталиги доирасида тайёрланадиган Ҳатай таомлар рўйхатида «биберли экмек» (қизил мурч пастаси қўшилган нон), «зайтун салати», «ҳуммус», «кисир» (булғур салати), «тепси кабоб» (тандирда пиширилган кабоб) ва «кунефе» (пишлоқли ширинлик)лар мавжуд.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: