14:20 | 15.08.24

                       

Уй-жой коммунал хўжалиги вазири 7 йилга қамалди

⚡️Уй-жой коммунал хўжалиги вазири ва ҳоким бўлиб ишлаган Музаффар Салиев 7 йилга қамалди.

2017 йилдан 2021 йилгача Уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 2021 йилдан 2023 йилгача Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган собиқ мансабдор Музаффар Салиев 7 йилга қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати Bugun.uz’га хабар берди.

Собиқ ҳоким иши жорий йилнинг 13 март куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида биринчи инстанция судида кўриб чиқилган. Ҳукмда ёзилишича, собиқ амалдор Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) «а» ва «в» бандлари, 209-модда (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

У 3 йил мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.

Жорий йилнинг 30 июль куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур ишни кўриб чиқди. Суд ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Bugun.uz танишиб чиққан суд иши ҳужжатларида келтирилишча, Музаффар Салиев ва унинг шериклари Давлат бюджетидан миллиардлаб пулларни талон-торож қилган. Хусусан, турли хил лойиҳалардан:

  • 2 572 272 915 (икки миллиард беш юзи етмиш икки миллион икки юзи етмиш икки минг тўққиз юзи ўн беш) сўмлик 320 000 (уч юзи йигирма минг) АҚШ долларини;
  • 1 372 902 188 (бир миллиард уч юз етмиш икки миллион тўққиз юз икки минг бир юз саксон саккиз) сўмлик 170 780 (бир юз етмиш минг етти юз саксон) АҚШ долларини;

  • 6 925 596 819 (олти миллиард тўққиз юз йигирма беш миллион беш юз тўқсон олти минг саккиз юз ўн тўққиз) сўм бўлган 733 127 (етти юз ўттиз уч минг юз йигирма етти) АҚШ долларини;
  • 5 644 707 503 (беш миллиард олти юз қирқ тўрт миллион етти юз етти минг беш юз уч) сўмлик 597 535 (беш юз тўқсон етти минг беш юз ўттиз беш) АҚШ долларини ва бундан ташқари, яна кўплаб пулларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: