Уйда фойдаланиладиган ускуналардан қайсилари энг кўп электр токини сарфлаши маълум қилинди
Шунингдек, электрни тежаш учун жиҳозлардан қандай фойдаланиш кераклиги айтилди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги уйда фойдаланиладиган электр жиҳозларнинг қайсилари электр токини энг кўп сарфлашини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Франциянинг Schneider Electrics энергия истеъмолини бошқариш компанияси (Ўзбекистонда ваколатхонаси фаолият кўрсатади) мутахассислари уй хўжаликларида энг кўп энергия истеъмол қилувчи ускуналар рўйхатини тузиб чиққан.
Унга кўра, рўйхатда иситиш ва совитиш жиҳозлари биринчи ўринни банд қилган – уларнинг ҳиссасига жами истеъмолнинг 50–70 фоизи тўғри келади.
«Кондиционер, чангюткич сингари катта жиҳозлар уй хўжалигида электр истеъмолининг катта қисмини олади. Бундай жиҳозларнинг электр сарфи жами истеъмолнинг 50 – 70 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бу – жиҳознинг иситиш ёки совитиш мосламаси эканлигига боғлиқ. Иситиш жиҳозлари совитиш жиҳозларига кўра анча кўп энергия талаб қилади», – дейди компания менежери Андрюс Перявичюс.
Унинг сўзларига кўра, сув иситиш мосламалари (бойлерлар) энг кўп энергия сарфловчи жиҳозлар рўйхатида иккинчи ўринда туради. Агар бойлерда иситиладиган сув ювиниш, идиш ювиш, кир ювишга ишлатилса, бу харажатлар ҳиссаси йиллик истеъмолнинг 12 фоизигача етиши мумкин. Электр сув иситкичнинг сарф кўрсаткичлари оила аъзолари сонига ҳамда уларнинг тежамкорлик маданиятига чамбарчас боғлиқ. Баъзи ҳолатларда у ойига 400 киловатт-соатгача етади.
Бундай ускуналарнинг истеъмолини фақатгина қатъий назорат орқали камайтириш мумкин. Масалан, уйда узоқ вақт бўлмаган пайтларда «таътил» режимини ёқиб қўйиш мумкин. Шунингдек, сувдан ҳеч ким фойдаланмайдиган соатларда бойлерни ўчириб қўйса ҳам бўлади.
Ўртача олганда, кир ювиш машинаси йиллик истеъмолнинг 2–5 фоизини, идиш ювиш машинаси 2–3 фоизини, электр плита ва духовка 8 фоизини ташкил этади. Табиийки, ушбу электр жиҳозларнинг сарфи улардан қанчалар кўп фойдаланишга боғлиқ.
Кир ва идиш ювиш машиналарини фақат тўлдирган ҳолда ишлатиш орқали энергия сарфини анчагина камайтириш мумкинлиги исботланган.
Компьютерлар, телевизорлар, гаджетлар ҳам бугунги кунда анча оммалашган ҳамда жами харажатларнинг тахминан 10 фоизини ташкил қилади.
«Ушбу ускуналар одатда уйдаги тармоқда уланган ҳолда қолдирилади ва ёқилмаган вақтда ҳам ток олади», дейди А.Перявичюс.
Ўртача статистикага кўра, уйларни ёритиш учун жами харажатларнинг 10-12 фоизи кетади. Агар ёруғлик диодли лампалар ўрнига қуйма лампалардан фойдаланилса, бу кўрсаткич бир неча баравар юқори бўлиши ҳам мумкин. Чироқ ҳақида гап кетганда, электрни тежашнинг энг оддий усули – ҳеч кимга керак бўлмаган хоналарда чироқни ёқиқ қолдирмасликдир.
Стандарт музлаткич йилига ўртача 150 киловатт-соат энергия истеъмол қилади. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, музлаткич хона девори ёки бурчагига ўта яқин қўйилса ва ҳаво айланиши яхши бўлмаса, жуда иссиқ хонада турса, энергия сарфи ошиб кетади.
«Яна бир жиҳат – музлаткич тўртдан уч қисмга тўлдирилган ҳолатда самарали ишлайди. Шу сабабдан унинг эскирган нарсалар билан тўлиб қолишига йўл қўймаслик керак», дейди А.Перявичюс.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир дона чўғланма лампани қисқа вақтга ўчириб қўйиш орқали қанча электр токини тежаш мумкинлиги аниқланганди.