18:58 | 11.07.24

                       

«Уйимиздан бир йил ичида иккинчи марта тобут чиқди» — Достон Убайдуллаев

«Уйимиздан бир йил ичида иккинчи марта тобут чиқди». Достон Убайдуллаев мусофирчиликда вафот этган акаси ва бунга чидай олмаган онасининг вафоти ҳақида гапириб берди.

Cобиқ хонанда Достон Убайдуллаев Иноятилло Андижонийнинг YouTube’даги каналига берган интервьюсида яқинларидан айрилгани, акаси сафарда вафот этгани ҳақида гапириб берди.

«Оилада учта жудоликни бошимдан ўтказганман. Уч ўғил бўлганмиз — катта акам вафот этган. Исми Қаҳрамон эди, мусиқа мактабида ўқиган, фортепиано чаларди», — дейди Убайдуллаев.

У суҳбат давомида акасининг вафоти ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, 1992 йилда икки акаси билан Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган фестивалга борган.

«19 апрель, кучли ёмғир ёғаётганди. У ерда ҳам ўзимиздагидек довонлар бор экан, шу жойлардан ўн соатлик йўлни босиб ўтдик, манзилимизга икки соат қолганди. Уйдан кетаётганда онам Аллоҳ асрасин деб, катта акамнинг бўйнига тумор тақиб қўйган экан. Ўша тумор бўйнимга ботяпти, сен тақиб олгин, мен автобуснинг орқа томонига ўтиб ухлайман, деди акам. Кичик акамга эса қўлидаги соатни тақиб қўйди. Деярли 15 соатлик йўлдан чарчаб, шунчаки кўзимни юмиб кетаётгандим.

Автобус жуда қаттиқ чайқалишни бошлади. Ёнимизда чуқурлиги 20 метрлик жарлик бор эди, агар шунга тушиб кетсак, ҳеч ким омон қолмасди. Иккинчи тарафимиз қоятошлар, икки киши автобусни ўша томонга қараб буришди. Шунда автобуснинг орқаси, яъни акам ётган тараф қоятошга жуда қаттиқ урилди. Автобус думалаб кетди, 100-120 км/соат тезликда кетаётганимиз учун тез тўхтамади. Мен ўрнимдан туриб, иккита темирни ушлаб олдим, лекин қўрқувдан тилим айланмай гапиролмай қолдим. Автобус урилганда ойна синиб, акам зарб билан ташқарига отилиб кетган экан.

Автобус тўхтагач, кичик акам билан бир-биримизни топдик, лекин катта акамнинг овози эшитилмаётганди. Қарасак, узоқда кимдир ётибди, ҳаммаёғи қонга беланганди. Борсак Қаҳрамон акам экан, кўзининг ўрни қонга тўлиб ётибди. Турклар меҳрибон халқ экан, машинада ўтиб кетаётганлар ҳам тушиб, кимдир сунъий нафас берди, кимдир биринчи ёрдам кўрсатди. Шунда акам бир чуқур нафас олди. Ҳа бўлди, тирик экан, деб хурсанд бўлдик. Кейин билсак, акамнинг кўзи ўша пайтнинг ўзида оқиб тушган экан. Касалхонага олиб кетишди. Биз меҳмонхонага жойлашдик, мен ва кичик акамдан ташқари, ҳамма фестивалга бориб қатнашиб келди», — деди Достон Убайдуллаев.

Таъкидлашича, ўшанда кичик акасининг ҳам бели йиртилган экан. Бир ҳайдовчи ва бир гид аёл вафот этган. Ўзбекистонда онаси Россия телеканалини томоша қилаётганида янгиликларда «Ёшлар фестивали учун Ўзбекистондан келган болалар автобуси автоҳалокатга учради, йўловчиларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди», деб нотўғри маълумот берилган.

Отаси вазирликка маълумот олиш учун борган. Уларга акасининг вафот этганини айтишмаган. Соғлиғи яхши, Тошкентга жўнатиб юбордик, ўша ерда шифокорлар яхшироқ қарашади, дейишган. Ишонишган. Ўзбекистонда эса Достон вафот этибди, деган гап тарқалиб кетган.

«Биринчи президентимиз Ислом Каримов томонидан шахсан бош вазирга делегацияни қайтариб олиб келиши ҳақида топшириқ берилган. Ўзбекистонга келдик, самолёт қўнгач, ойнадан дадамни кўрдим — бошида дўппи, эгнида тўн, белида қийиқча. Билсам, акамнинг жасади тобутда биз билан келган экан. Мен кўрганимда нафас олганида жони чиққан экан, шифохонагача етиб бормабди.

Уйгача бизни сиренали машиналарда олиб боришди. Акамни қабрга қўйиб келганимиздан кейин онам ҳам қаттиқ тушкунликка тушиб қолди. Ҳар икки гапининг бирида ‘Мен ҳам акангнинг орқасидан кетаман’, дейдиган бўлиб қолди. Телевизорда берилган нотўғри хабарни эшитганларида қаттиқ стрессдан саратон ҳужайралари очилиб кетган экан. Соғлиқлари ёмонлашди, 9 ойда 3 марта операция бўлди. Уйимиздан бир йил ичида иккинчи марта тобут чиқди, онам вафот этди», — деди Достон Убайдуллаев.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: