18:33 | 23.06.24
Урганч халқаро аэропорти ёпилади. Эндиликда рейслар Нукус халқаро аэропортида амалга оширилади.
Урганч вилоятида жойлашган халқаро аэропорт вақтинча ёпилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, 2024 йил 20 июлдан 2024 йил 7 августгача Урганч халқаро аэропорти фаолияти тўхтатилади.
Учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Хусусан, узунлиги 3000 м ва эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.
Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг Boeing 787 ва Airbus A330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.
Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган эди.
Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади, йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади. Парвозлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилиш тавсия этилади.