17:51 | 15.11.24

                       

«Uzum Market» ходимлари компания омборидан 100 млн сўмдан ортиқ товарларни ўғирлади

Тошкентда икки талаба «Uzum Market» омборидаги товарларни штрих кодларини алмаштириб, қимматли мол-мулк ўзлаштиргани аниқланди. Суд уларни айбдор деб топиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилди. Талабалар жазони калонияда ўтайди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди икки нафар 23 ёшли талаба А.Т. ва С.Р.ни «Uzum Market» мулкини талон-торож қилишда айбли деб топиб, уларга нисбатан 2 (икки) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Uzum Market логотипи туширилган етказиб бериш машинаси, тарқатиш пункти ёнида турибди
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қайд этилишича, икки талаба «Uzum Market» интернет-дўконида ўз хизмат мавқеларидан фойдаланиб, товарлар штрих кодини алмаштириб, компаниянинг 136.864.000 сўмлик мулкини талон-торож қилишган.

Улар арзон товарларнинг кодлари орқали қимматбаҳо товарларни олиб чиқиб, сотиб юборишган. Суд жараёнида судланувчилар ўз айбларини тан олмаган, бироқ уларнинг айби гувоҳлар ва далиллар орқали исботланган.

Жиноий схема қандай ишлаган?

  1. Штрих кодларни алмаштириш: судланувчилар омборда арзон ва қиммат товарларнинг штрих кодларини алмаштирган. Масалан, қимматбаҳо Apple Watch учун арзон реплика соатларнинг штрих кодини ёпиштиришган;
  2. Буюртма бериш: улар танишларининг аккаунтлари орқали арзон товарлар учун буюртмалар расмийлаштирган;
  3. Олиб чиқиб кетиш: штрих коди алмаштирилган қиммат товарлар буюртмаларга қўшилиб қадоқланган ва белгиланган пунктлардан судланувчилар ёки уларнинг танишлари томонидан қабул қилинган.

Жиноятчилар тизимдаги мавжуд заифликлардан ҳам фойдаланишган. Ҳусусан, улар омборда видеокузатув камераларининг «ўлик зоналари»да ҳаракатланган, штрих кодларни қайта ёпиштириш имконини берадиган логистика жараёнини суиистеъмол қилган.

Судланувчилар жами қиймати 136.864.000 бўлган 25 дона маҳсулотни талон-торож қилган. Ҳусусан:

  • Apple Watch (турли моделлари, жумладан Series 9, SE 2)
  • Samsung Galaxy Watch (5 ва 6 моделлари)
  • Lenovo ноутбуклари
  • HP ноутбуклари
  • Қулоқчинлар ва бошқа ақлли гаджетлар

Ҳужжатларда қайд этилишича, ўғрилик схемаси компаниянинг ички хавфсизлик тизимидаги заифликлардан самарали фойдаланган ҳолда амалга оширилган.