8:18 | 19.06.24
Вояга етмаган жиянларини чет элга олиб кетиб, уларга жинсий зўравонлик қилган шахс аниқланди. Қизларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Қозоғистонда икки нафар вояга етмаган қизларга уятсиз бузуқ ҳаракат қилган эркакга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, 2024 йилнинг 6 июнь куни Болалар омбудсманига 2000 йилда туғилган А.А. (аёл) дан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатида онаси ва отаси вафот этганлиги, у 2006 йилда туғилган И.А. ва 2012 йилда туғилган С.Р. исмли сингиллари учун энг яқин қариндош бўлсада, қизлар амакиси Р.Р. нинг васийлигига берилганлигини, амакиси Р.Р. эса қизларни Қозоғистонга ўз яшаш манзилига олиб кетганлигини, ҳозирда у қизларга уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир этаётганлигини билдирган.
Аёл ўз сингилларига жинсий зўравонлик содир этаётган амакисига нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда сингилларини Ўзбекистонга қайтаришни, энг яқин қариндош эканлиги сабабли қизларга уни қонуний вакил этиб тайинланишида амалий ёрдам сўраган.
Болалар омбудсманининг ИИВга ва ТИВ орқали Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулига юборган сўрови асосида 8 июнь куни И.А. ва С.Р. лар амакисининг уйидан полиция ва васийлик органи томонидан олиб кетилиб, мураккаб ижтимоий вазиятларга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш Олмаота шаҳри адаптация марказига жойлаштирилди.
Шунингдек, Болалар омбудсмани сўрови асосида Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан А.А. жиноят просессуал тартибида ушланиб, унга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодекси 121-моддаси (Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) билан жиноят иши қўзғатилди. 17 июнь куни суд томонидан Р.Р. га нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда И.А. ва С.Р. ларни (тергов якунидан сўнг) Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади.