9:22 | 15.04.23

                       

Янги Конституция: эндиликда ўз айбини тан олиш айбдорлик далили бўла олмайди

Асосий қонуннинг 28-моддасига ҳар кимнинг айбсизлик презумпцияси билан боғлиқ ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда

Айбсизлик презумпцияси — инсон ҳуқуқлари ривожланиши тарихида  шаклланган энг буюк кафолатдир.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 28-моддасига ҳар кимнинг айбсизлик презумпцияси билан боғлиқ ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Бу борадаги муҳим кафолатларидан бири — «шахснинг ўз айбини тан олиши унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас» эканлиги тўғрисидаги қоидадир. Мазкур кафолатнинг аҳамияти нимада?

Айнан жиноят процессида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш масаласи жуда муҳим. Сабаби айнан жиноят процессида инсонга асоссиз жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказиш хавфи катта. Шу сабабдан ҳам қонун айнан мансабдор шахсларга жиноят процесси иштирокчилари билан ҳар қандай ноқонуний усулларда мулоқот қилишни, яъни ўз ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилишни қатъиян тақиқлайди.

Айтиш керакки, тергов вақтида қўлланиладиган ғайриқонуний ҳаракатлар нафақат қийноқ ва бошқа зўрлик усулларидан иборат, яъни жиноий таъқиб остидаги шахсга нисбатан ундан иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида ўтказиладиган босим, нафақат жисмоний, балки руҳий тазйиқ кўринишида ҳам кузатилиши мумкин. Айнан бундай ноқонуний усулларни қўллаб олинган ҳар қандай далиллардан фойдаланиш қонунан тақиқланади. Яъни, тергов вақтида иқрорлик кўрсатмалари ҳар қандай босим остида олинган бўлса, сўзсиз номақбул далил ҳисобланади ва улардан судда фойдаланиш мумкин эмас. Бундан ташқари, қонунда шундай процессуал талаб амал қиладики, унга биноан агар суд мажлисида, масалан, судланувчи терговда унга нисбатан рухсат берилмаган усуллар қўлланилгани тўғрисида мурожаат қилса, судя бу мурожаатни суд-тиббий экспертизаси ёки бошқа экспертиза ўтказган ҳолда мажбурий текшириши зарур. Айнан ана шу кафолатнинг Конституцияда мустаҳкамланиши ҳар қандай бу каби номақбул далиллардан фойдаланишга чек қўяди. Муҳим жиҳати, бунда нафақат ноқонуний усулда олинган иқрорлик кўрсатмалари, балки улар асосида айбланувчи иштирокида ўтказилган бошқа тергов ҳаракатлари ва уларнинг натижасида олинган далиллар ҳам ўз юридик кучини йўқотади.

Мазкур моддага киритилаётган яна бир муҳим қоидага кўра, иқрорлик кўрсатмалари ихтиёрий равишда ёки босим остида олинганидан қатъий назар, улар иш юзасидан ягона далил бўлса, шахс айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас! Яъни бундай шахс ҳуқуқлари кафолати, тергов органлари зиммасига конституциявий даражада алоҳида масъулият юклайдики, эндиликда улар шахсни айбини исботлаш жараёнида иқрорлик кўрсатмаларига асосий урғу бермаслиги ва айбловни тергов йўли билан текширилган бошқа далиллар мажмуи билан исботлашлари шарт.

Агар мазкур кафолат талаблари бажарилмаса, бундай ҳолатларда суд шахснинг айбини тасдиқловчи далилларнинг етарли эмаслиги туфайли оқлов ҳукми чиқаради. Яъни, бунда «исботланмаган айб — исботланган айбсизликка тенг» деган ҳалқаро стандарт амал қилади.

Жумладан, бундай оқилона ва адолатли ёндашувнинг далолати сифатида судлар томонидан чиқарилаётган оқлов ҳукмлари тобора кўпайиб бораётганини, ноҳақ айбланаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинаётганини келтириш мумкин. Жумладан, қиёслаб айтадиган бўлсак, сўнгги олти йилда 4712 нафар ноҳақ айбланган шахс оқланган. Шу муносабат билан бундан аввалги тўққиз йил ичида эса (2006–2015) атиги 138 нафар шахс оқланганини эслаб ўтиш ўринли. Бу даврлар орасидаги жиддий ўзаро фарқ ҳам инсон ҳуқуқларини амалда таъминлаш борасидаги сўнгги йилларда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг қанчалик самара бераётганини тасдиқлайди.

Янги таҳрирдаги асосий қонунда кўзда тутилаётган янги кафолат бутун жаҳон эътироф этган айбсизлик презумпциясининг «олтин қоидалари»дан бири бўлиб, унинг конституциявий даражада мустаҳкамланиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишининг янги ва ишончли механизмини ишга солади, фуқароларни асоссиз ва қонунга хилоф жиноий таъқибдан ҳимоя қилади.

Сурайё Раҳмонова,

юридик фанлари доктори, профессор,

конституциявий комиссия эксперти