8:51 | 08.08.24
«Яшил макон» доирасида 1 млн кўчат қўшиб ёзилгани, 580 мингтаси сувсиз ҳудудларга экилгани аниқланди.
2024 йилнинг ўтган даврида хорижий инвесторларнинг 15 минг 210 нафарига «Тез ёрдам» тамойили асосида амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Ҳисобот даврда 2 739 нафар ёшларнинг иш билан таъминланишида, 5 123 нафарига ижарага ер ажратилишида, 1 181 нафарининг тадбиркорликка жалб этилишида, 4 048 нафарига ўзини ўзи банд қилишида, 3 773 нафарининг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишида кўмаклашилди.
Эҳтиёжманд аҳолини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш мақсадида 548 нафар аҳоли хонадони таъмирлаб берилди ҳамда 1482 та хонадон ободонлаштирилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар аҳволи ўрганилганида, 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, 580 мингтаси суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилганлиги ва 19 мингдан ортиқ кўчат ўз вақтида экилмаганлиги сабабли нобуд қилинганлиги аниқланиб, кескин чоралар кўрилди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 235 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 32 та жиноят иши қўзғатилди ҳамда 1 200 нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хусусан, фаолияти ўрганилган 13 та олий ва профессионал таълим муассасаларида аниқланган бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ва талон-торож қилиш ҳолатлари бўйича 14 та жиноят ишлари қўзғатилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: