14:55 | 04.10.24
Фарғонадаги Ислом Каримов номидаги театр-концерт саройи майдонида «Эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!» шиори остида ЎзЛиДеП сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Ёмғирли об-ҳаво бўлишига қарамай, тадбирда мингдан зиёд тадбиркорлар, фермерлар, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимлари, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, партия фаоллари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди.
Тарғибот тадбирида партиянинг келгуси беш йилликда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш йўналишидаги ишларни сифат жиҳатда янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўз олдига қўйган устувор вазифалари муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, ЎзЛиДеП барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг самарали ечимларини таклиф этмоқда. Жумладан, партия ялпи ички маҳсулот ҳажми 2030 йилга бориб 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни эса 4 минг долларга етказиш, тадбиркорлар сонини 3 миллион нафардан ошириш учун барча зарур чораларни кўради. Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўқитиш кўламини ҳар йили икки баравар ошириб, беш йилда камида 1 миллион фуқарога касб ўргатиш, барча туман ва шаҳарларда мономарказларни ташкил қилиш, мактаб битирувчиларига давлат томонидан камида бир касбни эгаллашига кўмаклашувчи тизим жорий этиш каби масалалар ҳам партиянинг диққат марказида бўлади.
Партия соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам қатор таклиф-ташаббусларни илгари суряпти. Жумладан, аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш ва бюджетдан тиббиётга ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини камида 2 карра ошириш ЎзЛиДеПнинг устувор вазифасидир. Шунингдек, келгуси йилларда оналар ва болалар ўлимини камида 2 баробарга, онкологик, юрак-қон томир, қандли диабет бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробарга қисқартириш, кафолатланган бепул тиббий ёрдам, «Тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш каби мақсадлар ижроси ЎзЛиДеПнинг келгуси 5 йилликдаги фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, тарғибот тадбирида юрагида нуқсони бор 5 минг болани, кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни ҳар йили бепул даволаш чораларини кўриш, онкологик беморларнинг даволаниши, соғайиб кетиши учун зарур шароитлар яратиш бўйича партиянинг аниқ режалари тўғрисида фикр юритилди.
Тарғибот тадбирида ЎзЛиДеП мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондиришни, давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз зиммасига олаётган мақсад-вазифаларнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, ЎзЛиДеПнинг келгуси йилларда мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш, 2030 йилга қадар қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 2 баробарга ошириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун 1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш борасидаги ташаббуслари мамлакатимиз таълим тизимини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Тадбир сўнггида иштирокчилар бўлажак сайловларда ЎзЛиДеПни қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақирилди.
Тарғибот тадбири машҳур санъаткорларнинг куй-қўшиқларига уланиб кетди.
Тадбирда йиғилган фуқаролар партиянинг мақсад ва ғояларини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдириб ўтдилар.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: