15:29 | 06.09.24

                       

Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти бекор қилинди

Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти бекор қилинди. Бунга хонанда Исроилни қоралаб, яҳудий маҳсулотларини бойкот қилишга чақириши сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг АҚШнинг Нью-Йорк штатида 14 сентябрь куни ўтказилиши керак бўлган анъанавий концерти Америкадаги яҳудий диаспорасининг норозилиги ортидан бекор қилинди. Бу ҳақда АҚШдаги ўзбек журналисти Санъат Шарипов маълум қилди.

Қайд этилишича, Юлдуз Усмонованинг «Besh yulduz Entertainment»  МЧЖ томонидан ташкиллаштирилган Нью-Йоркдаги концерти 14 сентябрга белгиланган эди. Лекин унинг яқинда Исроилни қоралаб қилган чиқиши ва яҳудий маҳсулотларини бойкот қилишга чақириши Бухоро яҳудийларининг норозилигига сабаб бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан концерт бекор қилинган. The Oceana Theater сайтида сотувга чиқарилган чипталар ўчириб юборилган.

«Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти 14- сентябрга белгиланган эди. Лекин унинг яқинда Исроилни қоралаб қилган чиқиши, Бухоро яҳудларининг норозилигига сабаб бўлиб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан концерт бекор қилинди. Энди фақат 1 та концерт, у ҳам бўлса, Оҳаёда бўлади», дейди Шарипов.

Эндиликда фақат 1 та концерт, у ҳам бўлса, ўзбек диаспораси унча кўп бўлмаган Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида бўлади. 2009 йилдан бери Star Entertainment ташкилоти кўмагида Нью-Йоркда концерт ўтказиб келган Усмонованинг ўзи тадбир бекор қилинганини тасдиқлаган бўлса-да, бунинг сабабини очиқлашни истамаган.

«7 сентябрда Цинциннатида кўришамиз, бошқа штатларга боролмаймиз, вазият шунақа бўлиб қолди», деган Усмонова.

Айрим маълумотларга кўра, АҚШдаги яҳудийлар Усмонованинг концертини бекор қилдириш билан бир қаторда унинг шу пайтгача АҚШда ўтказган тадбирларини сарҳисоб қилган ҳолда солиққа тортиш кераклигини иддао қилган.

Ўзбекистон халқ артисти олдинроқ ўзининг Instagram саҳифасида Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарога муносабат билдириб, Исроилни босқинчиликда айблаб, уни давлат деб ҳисобламаслигини айтган. Кейинроқ эса у Исроил маҳсулотларини бойкот қилишга чақирган.

Бу баёнот АҚШ ва Исроилдаги Бухоро яҳудийлари жамоасида ғазаб ва хавотир билан қаршиланди. Жамоа вакиллари Усмонова «антисемит оҳангидаги» чиқишлари учун Исроил халқидан кечирим сўраши кераклигини айтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: