21:57 | 12.06.24
Юқоричирчиқда чўмилишга борган бола дарё ўртасида қолиб кетди. У сув оқимининг тезлиги юқори бўлгани учун орқага қайта олмаган.
Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Қорасув» дарёси ўртасида қолиб кетган бола қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 10 июнь куни соат 13:50 да Тошкент вилояти ФВБга Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Қорасув» дарёси ўртасида бир бола қолиб кетганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Дарёга чўмилиш мақсадида борган бола сузиб холдан тойган ва дарё марказидаги оролчага чиқиб олган. Сув оқимининг тезлиги юқори бўлганлиги сабабли орқага қайтишни имкони бўлмай қолган.
Мазкур ҳолат бўйича, Тошкент вилояти ФВБ қутқарувчилари зудлик билан айтилган манзилга етиб борган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида, оролчада қолиб кетган бола махсус анжомлар ёрдамида соғ-саломат қирғоққа олиб ўтилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқаролардан сув ҳавзаларида чўмилаётганда хавфсизлик қоидаларига риоя этишни ҳамда фақат рухсат берилган сув ҳавзаларида чўмилишни сўраймиз.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: