Ўзбек-қирғиз чегарасида девор бузиб ташланди
Ҳолат Андижон ва Жалолобод чегарасида содир бўлган
Ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги девор бузилаётгани акс этган тасвирлар тарқади.

Маълум бўлишича, тасвирлар Жалолобод ва Андижон вилояти чегарасида суратга олинган. Қирғизистон чегара хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон томони «Бек-Абад — Ханабад» назорат-ўтказиш пунктидаги деворни бузган. Бу девор 2010 йил Ўзбекистон томонидан қурилган ва бир томонлама ўтиш вазифасини бажарган. Кейинчалик, Ўш вилоятидаги «Қора-Сув» ва «Қора-Бағиш» назорат-ўтказиш пунктлари ёпилган.
Бу жойларнинг барчаси тез орада очилади. Қирғизистон томони фуқароларнинг ушбу пунктлар орқали ўтишини тиклашга тайёр. Икки давлат расмийлари ўртасида қўшимча назорат-ўтказиш пунктларини очиш ҳақидаги келишув сўнгги йилларда бир неча бор муҳокама қилинган. Бундай пунктлар очилишидан мақсад транспорт юк оқимлари транзитини туширишдир, — дейилади манбада.