13:24 | 06.09.23

                       

Ўзбекистон делегацияси Малайзиядаги халқаро туризм ярмаркасида иштирок этди

Унда илк бор мамлакат миллий стенди намойиш қилинган.

Ўзбекистон делегацияси Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида 1-3 сентябр кунлари ўтказилган «MATTA Fair 2023» халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиб, мамлакат миллий стендини намойиш қилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризм қўмитаси

Маълум қилинишича, Малайзиянинг MITEC йирик халқаро савдо-кўргазма марказида Ўзбекистон делегацияси биринчи марта мамлакат миллий стендини намойиш этган. Делегация таркиби «Миллий PR-маркази» мутахассислари, Ўзбекистондаги East Asia Point, Shahraz, Orient mice, Euroasia, Another Travel каби маҳаллий сайёҳлик компаниялари вакилларидан иборат бўлиб, улар машҳур йўналишлар бўйича ўзларининг энг яхши таклифларини тақдим этган, барча сектор ва сегментларда туризмни ривожлантириш стратегияси ва дастурлари бўйича тажриба ва фикр-мулоҳазалар алмашган.

Фото: Туризм қўмитаси

Ярмарканинг биринчи кунидаёқ нафақат Малайзия, балки бутун Жануби-Шарқий Осиё минтақаси фуқаролари орасида кенг оммалашаётган Ўзбекистоннинг туризм маҳсулотлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган. Халқаро ярмарка доирасида Малайзия туризм ташкилоти, Корея миллий туризм ташкилоти, Тайван туризм бюроси, Филиппин туризмни тарғиб қилиш кенгаши, Туркия Республикаси Элчихонаси, Япония миллий туризм ташкилоти каби туризм бўйича давлат ташкилотлари ва маркетинг компаниялари билан учрашувлар, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари ишбилармон доирасининг Малайзия туроператорлари билан кўргазма майдонларининг фаол савдоси ва 2023 йилнинг ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган TXTY-2023 Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш шартлари билан танишиштирувлар ҳам ўтказилган.

Фото: Туризм қўмитаси

«MATTA Fair 2023» ярмаркаси доирасида «Миллий PR-маркази» директори Дилфуза Самандарова ҳамда «Orient mice» сайёҳлик компанияси вакили Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида тақдимот қилган.

Таъкидланишича, ушбу ярмарка малайзияликлар ва хорижлик меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг бой тарихи, санъати, ошхонаси ва меҳмондўстлигини чуқурроқ англаш ва баҳолашга ҳисса қўшган ҳолда Ўзбекистоннинг маданий мероси билан танишиш учун ажойиб имконият яратади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабр ойида Тошкентда халқаро туризм ярмаркаси ўтказилган ва унда фаол иштирок этган ҳудуд ва ташкилотлар тақдирланган эди.