15:05 | 27.12.23

                       

Ўзбекистон хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқади

Экология вазирлиги биносида «Хавфли кимёвий моддаларни ишончли бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича грант шартнома имзоланди.

2023 йил 26 декабр куни Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги биносида «Хавфли кимёвий моддаларни ишончли бошқариш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича грант шартномаси имзоланди. Уч томонлама ҳужжатни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров имзолади.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

«Ушбу лойиҳа яшил иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича йирик дастурнинг бир қисми бўлиб, дастурга 10 миллион евродан ортиқ маблағ ажратилган. Лойиҳанинг қиймати ўзи эса деярли 4 миллион еврога тенг. Мақсад Экология вазирлигининг бу борадаги имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, хавфли кимёвий моддалар ва чиқиндилар соҳасида мувофиқлаштиришни яхшилашдан иборат, — деди Шарлотта Адриан. — Ўзбекистонда бу борадаги ишларни яхшилашга эҳтиёж ва хоҳиш бор. Бу потенциал БМТнинг бир қанча конвенциялари билан боғлиқ. Бу билан мамлакат яшил тараққиётга ўтиш сари олға интилиш истагини намоён этди. Шунинг учун биз бу интилишни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз ва бундан хурсандмиз».

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Лойиҳа Экология вазирлиги томонидан ФАО билан биргаликда 2023–2027 йиллар оралиғида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилади. У тугаллангандан сўнг, хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш соҳасида мамлакатнинг институционал салоҳияти ошиши кутилмоқда, бу эса хавфли чиқиндилар бўйича янада яхши маълумотлар базасини шакллантириш имконини беради. Шунингдек, Чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегияни ишлаб чиқиш ва тегишли стандартларга эга хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини босқичма-босқич яратишга ўтиш учун замин яратади.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

«Бу мавзу Ўзбекистон учун жуда долзарб, чунки қишлоқ хўжалиги мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 27 фоизини ташкил қилади. Яхши ҳосил олиш мақсадида Ўзбекистонда кимёвий моддалар, пестицидлардан ўртача фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади Экология вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, фермерлар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг ушбу соҳадаги кўникмаларини ривожлантиришдир. Албатта, лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг 4 та конвенциясидаги мажбуриятларнинг бажарилишидир», — деди Шерзод Умаров.

Муҳими, лойиҳа қишлоқ хўжалигида барқарор амалиётларни тарғиб қилишни кенгайтиришга ёрдам беради, бу эса фермерлар ва истеъмолчилар учун пестицидлардан фойдаланиш хавфини камайтиради. Муассасалар ва аҳолининг хавфли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида хабардорлигини оширишга катта эътибор қаратилган.

«Лойиҳа хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган. Унинг доирасида қишлоқ хўжалигида зарарли моддалардан фойдаланишни камайтириш ва тупроқ ресурсларига камроқ зарар етказувчи моддаларга ўтиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу билан бирга, хавфли кимёвий чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилади», — деди Экология вазирлиги вакили Анвар Турсуналиев.

Маълумот учун, Қўшма лойиҳани амалга ошириш натижасида зарарли кимёвий моддалар ва улар билан боғлиқ чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситалари самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни қисқартириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида муқобил усулларни жорий этиш ва тарғиб қилиш режалаштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: