Ўзбекистон қонунчилиги ЖСТ келишувларига мослаштирилади
Товарларни «экспорт» ва «импорт» режимларида расмийлаштириш учун ундириладиган йиғим ставкалари Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштирилади.
«Ўзбекистон қонунчилиги жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштирилиши муносабати билан айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.
Фармонга кўра:
- 2024 йил 1 январдан бошлаб алоҳида давлатлардан олиб кириладиган маҳсулотларнинг мувофиқлигини мажбурий баҳолашдан озод этиш тартибини бекор қилиш;
- 2024 йил 1 январдан бошлаб импорт товарларни давлат тилида маркировка қилиш тартибига ўзгартириш киритиш;
- 2025 йил 1 январдан бошлаб дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини импорт қилишда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғимни бекор қилиш белгиланди.
Фармонга мувофиқ, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари зиммасига Вазирлар Маҳкамасига бир қатор таклифлар киритиш ҳам юклатилди. Жумладан:
- 2023 йил 1 октябрга қадар товарларни импорт қилиш учун лицензия бериш жараёнини автоматлаштириш (рақамлаштириш) бўйича;
- 2024 йил 1 январга қадар дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини импорт қилишда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим бекор қилиниши муносабати билан тегишли вазифаларни амалга оширишни молиялаштиришнинг муқобил манбалари юзасидан;
- 2024 йил 1 январга қадар транспорт харажатларини компенсация қилиш учун субсидия бериш тизимини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш бўйича таклифлар киритилади.
Фармонда қўшимча қилинишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Божхона қўмитаси 2023 йил 1 ноябрга қадар товарларни «экспорт» ва «импорт» божхона режимларига расмийлаштириш учун ундириладиган божхона йиғимлари ставкаларини Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ бирхиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши айтиб ўтилган.
Фармон 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга кириши ҳамда унинг ижросини назорат қилиш Бош вазир Абдулла Ариповга юкланган.
Шавкат Мирзиёев 27 апрел 2023 йилда бўлиб ўтган Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, «ЖСТ талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос» эканлигини қайд этган.
Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос ва биз ушбу нуфузли ташкилотга тезроқ аъзо бўлиб киришдан манфаатдормиз, — Шавкат Мирзиёев.
2023 йилнинг феврал ойида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Буюк Британия элчиси Тим Торлот ҳамда Британия Бизнес ва савдо департаменти мутахассислари билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтказилиб, унда Ўзбекистон томонидан тақдим этилган барча ҳужжатлар бўйича Буюк Британия мутахассисларини қизиқтирган саволларга жавоб берилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, аввалроқ АҚШ Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлишда ёрдам бериши, Тожикистон Ўзбекистонга ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги тажрибасини таклиф қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Маълумот учун ЖСТга аъзо бўлмаган мамлакатлар сони 3-5 тани ташкил қилиб, улар ичида Шимолий Корея, Эритрея ва Туркманистон бор. Ўзбекистон 10-15 давлат қаторида кузатувчи давлат мақомида бўлиб, ташкилотга қўшилиш арафасида турибди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йил июл ойида қайта бошлаганди. ЖСТнинг 2022 йилдаги бешинчи йиғилиши олдидан ўтказилган конференцияда сўзга чиққан ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ЖСТ аъзоларини янада мослашувчан бўлишга чақириб, Ўзбекистон аъзо бўлиш жараёнини имкон қадар тезроқ якунлаш ниятида эканлигини маълум қилганди.