Ўзбекистон Россиядан газ импорт қилади
Энергетика вазирлиги вакили мамалакатдаги газ инфратузилмаси импорт учун мослаштирилганини маълум қилди.
Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб Россиядан табиий газ олиб кириш учун инфратузилма тайёрланди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги вакили Риа Новости нашрига.
«Биз 1 октябрдан Россия газини қабул қилишга тайёрмиз. Газ қувурларимиз юқори босимли газни қабул қилишга мослаштирилган», — деди вазирлик вакили.
16 июн куни «Газпром» Ўзбекистон ҳукумати билан Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Кейинроқ, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги келишув икки йилга тузилгани, етказиб бериш 1 октябрдан бошланиши режалаштирилгани, харид ҳажми йилига 2,8 миллиард куб метрга яқин эканлигини тушунтирган.

Аввалроқ, департамент Россия гази Қозоғистон орқали ўтадиган «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали Ўзбекистонга тескари режимда етказиб берилиши ҳақида хабар берган. Бунинг учун республика ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилиши зарур эди.
Бундан ташқари, 22 километр янги газ қувурлари қуриш, 56 километр мавжуд тармоқларни таъмирлаш, 14 хил турдаги газ насос қурилмаларини алмаштириш режалаштирилган. Барча ишлар сентябргача якунланиши режалаштирилган эди.
Ўзбекистондаги нефт-газ корхоналарининг қувватлари ҳозирда йилига қарийб 70 миллиард куб метр табиий газ ва саккиз миллион тонна суюқ углеводород қазиб олиш имконини беради. Аммо заҳираларнинг тугаши ва технологик йўқотишлар туфайли сўнгги 15 йил ичида углеводород қазиб олиш сезиларли даражада камайди.
2022 йил якунига кўра, республикада табиий газ қазиб олиш 2021 йилга нисбатан тўрт фоизга камайиб, 51,665 миллиард куб метрни, нефт қазиб олиш 2023 йилнинг январ-июн ойларида 9,6 фоизга, 23,565 миллиард куб метрни ташкил этди.