18:53 | 29.04.23

                       

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард доллардан ошди

Тошкентда Шавкат Мирзиёевнинг Германия ташрифига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

Тошкентда гибрид форматда ташкил этилган «Ўзбекистон—Германия – ҳамкорликнинг янги уфқлари» халқаро конференциясида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов иштирок этиб, тадбир Шавкат Мирзиёевнинг Германия расмий ташрифига бағишланганини алоҳида қайд этган.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Конференция Президентнинг Германияга расмий ташрифи арафасида ўтаётгани аҳамиятга эга, негаки Германия Ўзбекистоннинг асосий ва вақт синовидан ўтган, ишончли ҳамкорларидан бири. 30 йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Германия барқарор ривожланиш ва суверенитетни мустаҳкамлашда бизга самарали ёрдам кўрсатаётганини жуда қадрлаймиз. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада изчил тус олди, — дейди Элдор Арипов.

Маълумот ўрнида, Германия Ўзбекистоннинг савдо ва инвестиция ҳамкорларининг кучли бешлик қаторига киради. Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бир миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда немис бизнесининг улуши ўсиб, шунга мос равишда ўзлаштирилган немис инвестициялари ҳажми 700 миллиондан 1,5 миллиард долларгача кўпайган.

Шунингдек, Германия Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш учун зарур бўлган замонавий машина ва ускуналарнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади.

Элдор Арипов ўтказилиши режалаштирилган референдум Ўзбекистон Президенти томонидан бошланган, аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланган демократик ислоҳотлар жараёни барқарорлигининг ҳуқуқий кафолатини мустаҳкамлашга имкон беришини алоҳида тўхталди.

Мамлакатимизда том маънода муҳим сиёсий воқеа — конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум ўтказилмоқда, бу эса Ўзбекистон сиёсий тизимини тубдан қайта тиклаш жараёнини амалда бошлайди. Унинг моҳияти демократик ҳуқуқий давлатнинг сиёсий ва ҳуқуқий асосини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашдан иборат. Конституциянинг янги таҳрири қабул қилиниши билан биз барча масалаларни ҳал қилмаганимизни англаймиз. Унинг қоидаларини жамоат ва давлат қурилиши амалиётига жорий этиш яъни асосий қонунни кундалик ҳаётимиз нормасига айлантириш бўйича ҳали ҳам машаққатли ишлар бор. Бу аслида барча мавжуд ресурсларни, сиёсий иродани, салоҳиятни ва билимларни сафарбар қилишни талаб қиладиган узоқ муддатли ривожланиш дастури. Бу борада шерикларимизнинг, айниқса, мазкур йўналишда шубҳасиз бой ва муваффақиятли тажрибага эга давлатларнинг қўллаб-қувватлашига ишонамиз, — Элдор Арипов.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: