Ўзбекистон ва Полша ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди
Полшанинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
12 октябр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Полша ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Ўзбекистон-Полша ўртасида сиёсий мулоқотни, хусусан, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, иқтисодий дипломатик алоқаларга алоҳида эътибор қаратилиб, Полшанинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга икки томон ҳам тайёрлиги тасдиқланган. Кимё, тўқимачилик саноати ҳамда қишлоқ хўжалигига оид инвестиция учун таклифлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтган.
Шу билан бирга, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.
Тадбир якунида, томонлар туризм соҳасида шерикликни ривожлантириш, икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзолангани ҳақида хабар берилганди.