Ўзбекистонда 2023 йилнинг 7 ойи давомида 355 млрд сўмлик электр ва газ ўғирланган
Бу даврда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 658 та жиноят ва 29 163 та маъмурий иш қўзғатилган.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 7 ойи давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар натижасида тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўм зарар етказилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик хабарида айтилишича, электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олиш, электр ҳисоблагичларни «айланиб ўтиш», ҳисоблагичлар ишига таъсир кўрсатувчи воситалардан фойдаланиш, истеъмол қилинган электр энергияси тўғрисидаги маълумотларни қалбакилаштириш каби ҳолатлар ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 февралидан 9 сентябригача қонун бузиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган рейд тадбирларида:
- энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 658 та жиноят ва 29 163 та маъмурий иш қўзғатилган;
- жиноят ишлари доирасида 158 миллиард сўм моддий зарар тергов даврида ундирилган.
Бухорода бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланганидек, энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом ҳалигача тўлиқ қўлга олинмаган. Ўтган етти ойда ҳудудларда 160 миллион киловатт/соат электр энергияси ва 290 миллион кубометр газ ноқонуний ишлатилиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган.
Масалан, Пискентда 3 та «метан заправка» ҳисоблагични бузиб, 8 миллиард сўмлик 8 миллион кубометр газни ўғирлаган.
Ёки, Навоий вилоятида биргина хусусий фирма «крипто-майнинг» билан шуғулланиб, 15 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
«Республика бўйича бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Ушбу жуда кўп миқдордаги ўғирликлар бир-икки кун ичида бўлиб қолмайди. Бунинг учун бир неча ҳафта ёки ойлар керак. Ҳақли савол туғилади: хўш, қачонгача бундай ўғирликлар нореал қарздорлик сифатида аҳолининг бўйнига ўтказиб қўйилиши керак?», дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, уй хўжаликларида электр энергиясини ўғирлаш ҳолатлари ҳам кўп учраб туради. Бу бир қарашда тайёр фойда бўлиб кўринсада, «ўғри» учун у охир-оқибат жуда қимматга тушади. Яширинча тармоққа уланиб олган шахс 100 минг сўм, 200 минг сўм тежаб қолар, аммо бу ҳолат фош бўлгач, жуда катта миқдорда жарима тўлашига ёки жиноий жавобгарликка тортилишига тўғри келади (Маъмурий жазо – базавий ҳисоблаш миқдорининг
15 бараваригача жарима, қарийб 5 миллион сўм; Жиноий жазо – базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача жарима, қарийиб 165 миллион сўм, 3 йилгача озодликни чеклаш, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш). Ҳуқуқбузарлик оқибатида жуда кўп миқдорда зарар етказилган тақдирда эса, ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.