Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши маълум қилинди
Мамлакатнинг айрим ҳудудларида ёмғир қорга айланиши мумкин. Ҳарорат кундузи +12...+17, кечалари +6...+11 даражагача пасаяди.
Ўзбекистонда жорий иш ҳафтаси охирида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши прогноз қилинди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Маълум қилинишича, 9-11 октябр кунлари республиканинг катта қисмида қуруқ ва ўртача илиқ ҳаво кузатилиб, ҳарорат кундузи +25…+30 даража, кечаси +11…+16 даражани ташкил этади.
11 октябр куни Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий қисмларига Қора денгиз ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво кириб кела бошлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятларида ёмғир ёғади, баъзи жойларда шамол тезлиги кучайиб, ҳарорат эса +12…+17 даражагача пасаяди.
12-13 октябр кунлари республиканинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво тарқалади. Кечаси ва кундузи вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, 13 октябр куни Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик давом этади. Шамол тезлиги баъзи жойларда 15-18 метр/секундгача кучайиб, ҳарорат кундузи +12…+17, кечаси +6…+11 даражагача пасаяди.
Республиканинг тоғли ҳудудларида 12-13 октябр кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, айрим ҳудуларда қорга айланиши кутилмоқда.
Пойтахт Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, 9-11 октябр кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 12 октябр кунининг иккинчи ярмида, 13 октябр куни кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 7 октябр куни айрим ҳудудларда бироз ёмғир ёғиши маълум қилинганди.