Ўзбекистон болалар омбудсмани истеъфога чиқади
Болалар омбудсмани Алия Юнусова лавозимидан кетди.
Ўзбекистон болалар омбудсмани Алия Юнусова ўз лавозимини тарк этиб, истеъфога чиқади. Бу ҳақда Юнусованинг ўзи Facebook саҳифасида маълум қилди.

Лавозимини тарк этиши ҳақида маълум қилган Алия Юнусова мамлакат Президентига болаларни ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун ташаккур билдирган. Болалар омбудсмани истеъфога чиқишининг бошқа тафсилотлари очиқланмаган.
«Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен болалар ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўхтатаётганимни маълум қиламан.
Муҳтарам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга бола ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорчилик билдираман.
Болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг халқаро стандартларга жавоб берадиган кучли тизимини шакллантиришда биз билан ҳамкорлик қилган, қўллаб-қувватлаган, ҳисса қўшган, ишонган ва ишлаган барчага миннатдорчилик билдираман.
Айниқса, UNICEF’нинг Ўзбекистондаги Болалар жамғармаси раҳбари жаноб Мунир Маммадзода ва унинг жамоасига болалар манфаатлари йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлагани ва илгари сураётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман,» — дея Facebook саҳифасида пост қолдирган Алия Юнусова.
Маълумот ўрнида, Алия Юнусова юридик фанлар номзоди бўлиб, 20 йилдан ортиқ вақт давомида болалар ҳуқуқлари билан шуғулланиб келади. 1999 йилдан буён у Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг таълим бўлими мудири бўлиб, у ерда болалар ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш билан шуғулланиб келган. 2004 йилдан бери у уч марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Ҳозирда тарк этган лавозимига эса Алия Юнусова 2020 йилнинг февралида тайинланган эди.