Ўзбекистонда июл ойида об-ҳаво жуда иссиқ бўлмаслиги кутилмоқда — Ўзгидромет
Июлнинг биринчи ўн кунлигининг ўрталарига келиб, ҳарорат 3-5 даражага пасайиши мумкин.
Жаҳон прогностик марказларининг ҳисоб-китобларига асосаланган ҳолда, Ўзгидрометнинг дастлабки прогнози бўйича июл ойи жуда иссиқ бўлмаслиги кутилаётганини эълон қилди. Республиканинг катта қисмида ўртача ойлик ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда ва фақат шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда меъёрдан 1—1,5 даражага юқори бўлади.

Ўзбекистон ҳудудида Эрон ҳудудларидан яна иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига июл ойи иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1—3 июл кунлари ҳаво ҳароратининг қийматлари 37-40 даражага, чўл ҳудудларда ва жанубий ҳудудларда 41-43 даражага етади. Лекин июл ойи биринчи ўн кунлигининг ўрталарига келиб, ҳарорат 3-5 даражага пасайиши мумкин.
Кейинчалик, ойнинг охиригача ҳаво ҳарорати кечалари 20-25 даража атрофида, баъзи жойларда 27 даражагача, кундуз кунлари 33-38 даражагача, айрим кунларда 39-41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-45 даражагача бўлади. Республика бўйича баъзи жойларда, асосан тоғ олди ва тоғли ҳудудларда, айрим кунларда маҳаллий қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.