9:00 | 29.11.23

                       

Ўзбекистонда интернетни яхшилаш учун беш мингдан ортиқ станциялар ўрнатилди

2023 йилнинг якунига қадар аҳоли пунктларини интернет билан қамраб олиш 99 фоизга етказилади.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси ўзининг расмий саҳифасида Ўзбекистонда мавжуд интернет тезлиги, уни яхшилаш саъй-ҳаракатлари ҳамда қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида маълумот берди.

Парламент сўровларига келган жавобда айтилганидек, аҳоли пунктларини мобил алоқа ва интернет билан қамров даражасини яхшилаш бўйича 2023 йилнинг бошидан буён 5000 тадан ортиқ таянч станциялар ўрнатилган ва модернизация қилинган.

Натижада, республика бўйича мобил алоқа қамрови даражаси 99 фоизга, кенг полосали мобил интернет қамрови 98,5 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автойўлларнинг мобил интернет билан қамров даражаси 75 фоизга етказилган.

Аҳолининг интернетга уланиш қамровини ошириш, оптик толали алоқа линиялари қамровини кенгайтириш мақсадида шу йил бошидан ҳозирги кунгача қўшимча 50 минг километр оптик-толали алоқа линияларини қуриш орқали уларнинг умумий узунлиги 220 минг километрга етказилган. Республика бўйлаб аҳоли пунктларини оптик толали алоқа линиялари билан қамрови 88 фоизга борган.

Халқаро Cable.co.uk сайтининг интернет арзонлиги юзасидан тузиб чиқилган рейтингида Ўзбекистон симли интернет арзонлиги бўйича 219 та давлат ичида 25-ўринни ҳамда мобил интернет арзонлиги бўйича 233 та давлат ичида 22-ўринни эгаллаб турибди.

Маълумот учун, мамлакатда 2023 йилнинг якунига қадар аҳоли пунктларини интернет билан қамраб олиш 99 фоизга етказилади. Ўзбекистонда ўртача интернет нархи 15,48 АҚШ долларини ташкил этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: