Ўзбекистонда Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ташкил этилади
Институт соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонда аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказини Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил қилиш белгиланган.
Институт соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг барқарор тиббий маданиятини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам мазкур институт зиммасига юкланган.
Шу билан бирга, институт илғор ва мақбул хорижий тажриба асосида соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг йўналишлари, ўрта муддатли ва узоқ муддатли ривожланиш сценарийлари ва стратегиялари бўйича илмий асосланган таклифлар ҳам ишлаб чиқади.
Шунингдек, институтга тиббий статистикани шакллантириш ва юритиш вазифаси ҳам юкланган. Статистик кўрсаткичларни шакллантиришда халқаро стандартлар ва методикаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Тиббиёт соҳасидаги статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, тарқатиш ва сақлаш борасидаги ишларни такомиллаштиради.