16:46 | 11.08.23

                       

Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» ойлигининг иккинчи босқичи бошланди

Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига сабаб бўлмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлида Ўзбекистонда 10 август куни «Тоза ҳаво» ойлигининг иккинчи босқичини бошлади. Тадбир 10 сентябргача давом этади. Маълумот ўрнида, «Тоза ҳаво» ойлигининг 1-босқичи жорий йилнинг 10 апрелидан 10 майига қадар ўтказилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

«Тоза ҳаво» ойлиги доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги йўл-патрул масканларида, вилоят, туман (шаҳар)ларнинг марказий кўчаларида бензин, дизел, табиий сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар орқали кўрикдан ўтказилади.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошишига олиб келмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги 4 миллионга яқин автомашинанинг 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,27 млн тонна зарарли етказади, бу эса умумий ташламаларнинг 60,0 фоизини ташкил этади (ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 88 фоизга тенг).

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Автотранспорт сонининг ортиши оқибатида атмосферага зарарли ташламалар миқдори олдинги йилга нисбатан 2022 йилда 26 минг тоннага кўпайган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: