Ўзбекистонда яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтинги эълон қилинди — рўйхат
30 та шаҳар ичида энг охирги ўринда Қувасой қайд этилган.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистонда яшаш учун энг қулай шаҳарлар рейтингини тузди. Рейтингдан мамлакатнинг 40 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 30 та шаҳри ўрин олган бўлиб, уни шакллантиришда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларидаги жами 27 та кўрсаткич инобатга олинган.

Унга кўра, пойтахт Тошкент шаҳри Ўзбекистондаги яшаш учун энг қулай шаҳар сифатида қайд этилган. Шаҳар 100 баллик тизимда 79,1 баллга баҳоланган. Шунингдек, Урганч (76 балл), Бухоро (75,4 балл) Самарқанд (70,6 балл) ва Навоий (68,1 балл) шаҳарлари кейинги ўринларни банд этган.
Ўз навбатида, Тошкент вилояти Бекобод шаҳри (35,3 балл), Андижон вилояти Хонобод шаҳри (35,3 балл), Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри (33,5 балл), Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри (32,9 балл) ва Фарғона вилояти Қувасой шаҳри (26,4 балл) рейтингда энг паст баҳоланган.

Мазкур рейтингдаги топ-10 шаҳарларнинг барчаси вилоят марказлари бўлиб, яшаш қулайлиги бўйича уларга энг яқин вилоят маркази бўлмаган шаҳарлар Қўқон (13-ўрин), Хива (14-ўрин) ва Чирчиқ (16-ўрин) ҳисобланади.
Алоҳида йўналишлар бўйича етакчи шаҳарлар эса қуйидагилар:
- таълим ва тиббиёт бўйича: Бухоро, Гулистон ва Урганч;
- инфратузилма бўйича: Урганч, Навоий ва Тошкент;
- ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: Тошкент, Урганч ва Гулистон;
- маданият ва атроф-муҳит: Тошкент, Бухоро ва Самарқанд.