17:02 | 26.12.23

                       

Ўзбекистондаги маҳаллий дори воситалари чет давлатларникидан қимматлиги аниқланди

«Адолат» СДП дори воситаларининг нархини тартибга солиш бўйича масъул ташкилотларга депутатлик сўрови юборилганини маълум қилди.

Дори воситаларининг нархини тартибга солиш юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон «Адолат» СДП матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бугунги кунда, дорихоналарда сотилаётган айрим дори воситаларининг нархлари қимматлиги масаласи кўплаб фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу масала жорий йилнинг сентябрноябр ойларида «Адолат» СДП томонидан жойларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганилган. Ўрганишлар давомида аксарият дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатдан бир хил бўлган хорижий ва маҳаллий дори воситаларининг нархлари ўртасида катта тафовут борлиги ҳамда Ўзбекистоннинг айрим маҳаллий маҳсулотлари чет давлатларникидан анча қимматлиги аниқланган.

Натижада партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда партия экспертлари иштирокида мазкур масала муҳокама қилиниб, масъул идоралардан аҳолининг дори бозоридаги нархлар тафовути бўйича ҳақли норозиликларига нисбатан муносабат билдириши юзасидан депутатлик сўрови юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда дори нархларини оширган дорихоналар жаримага тортилгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: