9:30 | 05.10.23
Шунингдек, контрабанда сигареталарга қарши курашиш учун бир нечта таклиф илгари сурилди
Ўзбекистонга олиб кирилаётган ноқонуний тамаки маҳсулотларининг асосий қисми Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореядан келади.
Қайд этилишича, ноқонуний сигареталар контрабандаси ҳамон Ўзбекистон иқтисодиётидаги долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Биргина 2022 йилда Ўзбекистонда ноқонуний бозор улуши 24,3 фоизни ташкил этган.
Ўз навбатида, контрабанда сигареталар импорти 2023 йилда ҳам давлат бюджетига жиддий зарар етказади: унинг миқдори 1 триллион сўмга (80 миллион АҚШ доллари) етиши мумкин, чунки ноқонуний савдо даражаси ўсишда давом этмоқда.
Хусусан, статистикага кўра, контрабанда сигареталар мамлакатга Бирлашган Араб Амирликлари (73,7 фоиз) ва Жанубий Кореядан (8,2 фоиз) келтирилади. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар Gulbahar Tobacco ва KT&G бўлиб, асосий ноқонуний брендлардан бири Milano KS SS ҳисобланади.
Ноқонуний сигареталарнинг аксарияти Ўзбекистондан транзит орқали ўтаётгани ва уларнинг эҳтимолий манзиллари Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон экани айтилади. Аслида транзит қилиниши керак бўлган юк чегарадан ўтиб, Ўзбекистонда қолади.
Контрабандачиларнинг ноқонуний фаолияти давлат иқтисодиётига катта зарар етказади, бироқ айни пайтда қонуний ишлаб чиқарувчилар ҳам, импортчилар ҳам зарар кўрмоқда.
Шу сабабли, «Тамакисоз» уюшмаси вакиллари муаммонинг энг самарали ечими сифатида ташувчи томонидан акциз солиғи тўлиқ суммасини Ўзбекистон Давлат божхона бошқармасининг депозит ҳисобварағига ўтказиши, Ўзбекистондан чиқиб кетгач эса уни қайтарилишини таклиф қилмоқда. Яна бир самарали чора – акциз маркаси бўлмаган тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистон орқали транзитига чек қўйилишидир.
Таклифлар орасида сигаретанинг айрим маркаларини расмий равишда олиб киришни тақиқлаш ҳам бор.
Таъкидланишича, ҳозирда Gulbahar Tobacco компанияси воситачи корхона орқали Ўзбекистонга минг қутига яқин «расмий» импорт олиб киради. Аммо ҳисоб-китобларига кўра, ҳар ойда камида 16 минг қути контрабанда сигарета сотилади. Шу боис, ушбу ташаббус фақат битта мақсадни кўзлайди – биринчи навбатда пештахталарда Ўзбекистон акциз маркасига эга товарларни жойлаштириш, токи чакана савдо шохобчалари ушбу маркадаги сигаретларни истеъмолчилар ва назорат қилувчи органлар учун пештахталарда қўрқмасдан сақлаши мумкин. Бундай «қонуний» импортдан сўнг контрабанда ҳажмининг кескин ўсиши кутилмоқда
Таклифнинг мазмун-моҳияти Gulbahar Tobacco ва KT&G компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган сигареталарни божхона ва шартномаларни расмийлаштирмасдан Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишига чек қўйишдир. Бундай чора ушбу компанияларни контрабанда фаолиятини тўхтатиш ва тўлиқ қонуний бизнесга ўтиш ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
Контрабанда сигареталар инсон соғлигига қандай хавф солиши мумкин?
Тахминан бир йил олдин Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси аккредитациядан ўтган синов лабораториясида 6 турдаги ноқонуний MIlano сигаретаси сифатини ўрганган.
Ушбу сигареталарнинг қутиларида ишлаб чиқарилган сана ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган. Шунингдек, давлат тилидаги акциз маркалари ва огоҳлантирувчи белгилар ҳам бўлмаган. Бундан ташқари, қўмита сигарета тутунининг нам ва никотинсиз қуруқ конденсат (қатрон) миқдорини аниқлаш бўйича тест ўтказган. Натижалар шуни кўрсатдики, тамаки тутунининг таркиби рухсат этилган никотин меъёрларидан бир неча баравар юқори. Бу шуни англатадики, бундай маҳсулот истеъмолчининг саломатлиги ва ҳаёти учун анча хавфлидир.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳозирда мажбурий бўлган рақамли ёрлиқлашнинг йўқлиги ҳам ноқонуний тамаки маҳсулотларини аниқлашга ёрдам беради.
Контрабанда маҳсулотларини сотиш қандай жазоланади?
Мамлакатда ноқонуний тамаки маҳсулотлари учун жавобгарлик нафақат контрабандачилар, балки уларни чакана савдода сотувчи тадбиркорлар зиммасига ҳам юкланади.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддасига мувофиқ, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга – БҲМнинг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – БҲМнинг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига ва товарларининг мусодара қилинишига сабаб бўлади.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 227-1-моддасига биноан, агар сотувчилар товарларни (маҳсулотларни) мажбурий рақамли маркалаш қоидаларини бузса, яъни контрабанда маҳсулотларини сотса, сўнгги ҳисобот чорагида олинган соф даромад миқдорида жарима солинишга сабаб бўлади.
Шу билан бирга, мамлакатда ноқонуний сигареталар сотиш каби ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун мукофот бор. Агар «Солиқ ҳамкор» ахборот тизими орқали ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар берилса, ҳуқуқбузар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тўланадиган жариманинг 20 фоизи, шунингдек, БҲМнинг 5 баравари миқдорида мукофот олиш мумкин. Бугунги кунда бу қиймат 1,5 миллион сўмдан кам бўлмайди.
Мазкур чора жамоатчилик назоратини кучайтириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: