Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси дипломатик миссиясини якунлади
Саид Рустамов 2019 йилдан буён шу лавозимда фаолият юритаётганди.
Кеча, 12 октябр куни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов ушбу мамлакат Tашқи ишлар вазири ўринбосари лорд Тариқ Аҳмад билан учрашди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Учрашувда икки давлат ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари мазкур давлатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Саид Рустамовга икки давлат ўртасида очиқ ва конструктив, дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирган.
Шунингдек, Тариқ Аҳмад сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида ташрифлар сони ортгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этган ва Ўзбекистон ҳамда Буюк Британиянинг сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашган икки томонлама муносабатларнинг изчил динамикасини юқори баҳолаган.
Маълумот ўрнида, Саид Рустамов 2019 йил октябр ойидан Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси лавозимига тайинланган. Унга қадар Исроилдаги элчихонага, Ташқи ишлар вазирлигининг бир неча бўлимларига раҳбарлик қилган. АҚШда элчи ўринбосари ҳамда вазир ёрдамчиси лавозимларида фаолият юритган.