20:00 | 05.07.24

                       

Чиройли, ақлли ва ҳайбатли Zeekr: заводдан репортаж

Bugun.uz журналисти Zeekr’нинг Шанхайдаги дизайн марказига, Нинбо шаҳридаги заводига, Ханчжоу шаҳридаги музейига ва автомобилларнинг тест-драйв қиладиган полигонига борди.

29 июнь куни Тошкентнинг энг йирик савдо марказларидан бири ҳисобланган Tashkent City Mall ёнидан Ўзбекистонда Zeekr’нинг биринчи Zeekr City флагман дилерлик марказининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Ёпиқ тадбир шаклида ўтказилган тадбирда Zeekr мижозлари, бизнес вакиллар ҳамда таниқли медиа-шахслар иштирок этган. Оқшом хедлайнери қўшиқчи Райҳон бўлган.

Zeekr X

Йирик тадбирдан бир муддат аввал Zeekr компанияси Ўзбекистонлик журналистлар иштирокида халқаро медиа-тур ташкил қилиб, тур доирасида Шанхайдаги дизайн марказига, Нинбо шаҳридаги заводга ҳамда Ханчжоу шаҳридаги музейга ва тест-драйвлар полигонига ташриф буюрди.

Шанхайдаги дизайн маркази

2024 йил феврал ойида Шанхайда Zeekr брендининг дизайн студияси очилган. Бугунги кунда бу ерда 50 киши ишлайди. Дизайн раҳбари Хавьер Гарсия-Галлардо (Javier Garcia-Gallardo).

Биз глобал бренд яратмоқдамиз. Биз маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқамиз. Келгуси йилда биз Жанубий Америка, Шимолий Америка, Европа, Жануби-Шарқий Осиё ва Австралияда автомобил чиқармоқчимиз. Биз аллақачон ушбу мамлакатларнинг кўпига етказиб беришни бошладик. Шунинг учун биз фақат Хитойга эътибор қарата олмаймиз – бу, албатта, энг катта бозор – ва асосий муаммо – брендни Хитойдан бутун дунёга олиб чиқишдир, – дейди Дизайн раҳбари Хавьер Гарсия-Галлардо.

Geely компаниясининг бош дизайн маркази Швециянинг Гётеборг шаҳрида жойлашган бўлиб, унда 450 га яқин киши ишлайди. Европа дизайнерлар ва муҳандислар жамоаси холдинг таркибига кирувчи барча брендлар билан ишлайди.

Шанхайдаги дизайн маркази
Шанхайдаги дизайн маркази

Нингбодаги технологик замонавий завод

Zeekr Intelligent Factory заводи Нингбо шаҳри Ханчжоу кўрфазида жойлашган. Ишлаб чиқариш маркази тахминан салккам 130 гектар майдонни эгаллайди. Қиймати 1,38 миллиард АҚШ долларлик завод қурилиши 2018 йил охирида бошланиб, фойдаланишга 2021 йилнинг учинчи чорагида топширилган. Заводда 2200 ходим ишлайди. Завод ҳудудида ётоқхона ҳам бор.

Нингбо заводининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300 000 автомобилга тенг. Бироқ, ҳозирча ушбу заводда йилига 180 000 автомобил ишлаб чиқарилмоқда. Яқин келажакда ишлаб чиқаришнинг тўлиқ қувватига чиқиш режалаштирилмоқда. Пўлат панелларни тайёр автомобилга айлантириш тезлиги 26-28 соатни ташкил қилади. Заводнинг максимал қуввати дақиқасига 1 автомобилга тенг.

Zeekr’нинг ақлли заводи 5G, сунъий интеллект ва йирик саноат маълумотлари каби илғор ишлаб чиқариш жараёнларини ҳамда технологияларини бирлаштиради.

Zeekr Intelligent Factory дунёдаги биринчи йирик Giga-casting L4 ақлли ишлаб чиқариш линиясини қуриш орқали жаҳон даражасидаги завод яратишни мақсад қилган.

Масалан заводдаги «қоронғу конвейер» деб аталадиган пайвандлаш цехи 100 фоиз пайвандлаш автоматизациясига эга бўлиб, 823 та мослашувчан роботлар билан жиҳозланган. Бўёқ цехи экологик тоза ва юқори сифатли бўяш технологиялари билан жиҳозланган.

Zeekrда ғилдираклар автомобиль конвейрда ҳаракатланаётганда ўрнатади. Компания Хитойда бунга эришган ягона завод ҳисобланади, бошқа ишлаб чиқарувчилар ғилдиракларни ўрнатиш вақтида автомобиль конвейринини тўхтатишга мажбур.

Йиғиш цехида асосий иш станцияларини тўлиқ автоматлаштиришга эришилган. Бу бир вақтнинг ўзида учта платформа ва олтита автомобил моделини, жумладан седанлар, йўлтанламаслар, MPVлар ва бошқа турдаги автомобилларни йиғиш имконини беради. Ҳозиргача завод бир вақтнинг ўзида 4 та бренддан 6 та моделни ишлаб чиқармоқда.

Zeekr маҳсулотлари ишлаб чиқариш линиясидан юқори сифатда чиқишини таъминлаш учун майда деталларгача катта эътибор беради.

Zeekr автомобиль бренди ҳақида

Zeekr – Geely Holding Groupга тегишли жаҳон премиум электромобиллар бренди. Zeekrнинг олий мақсади – инновациялар стандарт ҳолат бўлган фойдаланувчилар учун тўлиқ интеграциялашган экотизим яратиш. Бренд автомобиллар учун ўз технологияси асосида (Sustainable Experience Architecture) яратилган батареялар, батареяларни бошқариш тизимлари, электродвигател технологиялари ва ўз таъминот занжирларидан фойдаланади.

Zeekrнинг тадқиқот ва дизайн (R&D) марказлари Нингбо, Ханчжоу, Шанхай ва Гётеборг (Швеция) шаҳарларида жойлашган.

Швециядаги муҳандислар автомобил архитектураси, қувват агрегатлари, шассилари ва ҳайдовчиларга илғор ёрдам тизимларини (Advanced Driver Assistance Systems, ADAS) ишлаб чиқиш устида ишлайди.

Zeekr брендининг номи ZE – Zero (ноль) – чексиз имкониятлар учун бошланғич нуқта; E – Evolving, эволютсияни англатади – электромобиллар даврининг ривожланиши ҳамда KR – Krypton, «Криптон»нинг қисқартмаси, электрлаштирилганда ёруғлик чиқарадиган ноёб газ сўзларидан олинган.

Zeekr бренди жаҳондаги етакчи автомобиллар гуруҳи Geely Holding Group таркибига киради. Компания ҳозирда қуйидаги брендларга эгалик қилади, уларга сармоя киритади ва бошқаради: Geely Auto, Lynk & Co, Zeekr, Geometry, Volvo Cars, Polestar, Lotus, London Electric Vehicle Company, Farizon Auto, RADAR AUTO ва Cao Cao Mobility.

Автомобил етказиб бериш 2021 йил октабр ойидан бошланган 2024 йил май ойи охиригача Zeekr 001, Zeekr 001 FR, Zeekr 009 MPV, Zeekr 009 Grand, Zeekr Х 007 ва Urban Zeekr каби 250 000 дан ортиқ Zeekr бренди автомобиллар ишлаб чиқарилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: