18:06 | 25.08.23
Ҳаво ҳарорати кечалари 13-16 даражагача пасаяди.
Ўзбекистонда 27 август, якшанба куни ҳаво ҳарорати кескин ўзгаради. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маълум қилди.
Қайд этилишича, эртага, 26 август куни мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россия жанубидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб кела бошлайди. Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Нам ва салқин ҳаво массалари 27-28 август кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Республиканинг кўпгина вилоятларида вақти-вақти билан момақалдироқ бўлиши, ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Кундузги ҳарорат +23…+28 даражагача пасаяди. Кечаси ва эрталаб ҳаво бироз салқинлашади. 28 августга келиб, кечаси ҳарорат +13…+16 даражагача пасаяди.
27 август ва янги ҳафтанинг бошида шамол тезлиги 17-22 метр/секундгача кучайиши, баъзи жойларда 23-25 метр/секундгача етиши, айрим ҳудудларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкинлиги прогноз қилиняпти.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида об-ҳавонинг ўзгариши сезиларли даражада бўлади. Бу ҳудудларда 27-28 август кунлари баъзи жойларда кучли ёмғирлар ёғиб ўтади.
Кутилаётган кучли ёмғирлар ҳисобига республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 27-29 август кунлари сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши мумкин.
«Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролардан, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», дейилади хабарда.
Шунингдек, пойтахт Тошкентда 25-26 август кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат 25 августда +36…+38 даража, 26 августда кечаси +22…+24 даража, кундуз куни +34…+36 даража бўлади.
27 августда кундузи ва кечаси, 28 август куни эса вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.
28 август куни эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечалари +14…+16 даражагача, кундуз кунлари +24…+26 даражагача пасаяди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: