Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича касация тартибида Олий судга мурожаат қилиниши мумкин
Блогерлар Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан аппеляция тартибида кўриб чиқилган суд ишида ҳукм ўзгаришсиз қолдирилганига муносабат билдирди.
17 июл куни тақиқланган нашид – «террористик руҳдаги қўшиқ»ни улашишда айбланиб, қамалган 20 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми аппеляция тартибида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилгани, шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилгани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Оққўрғон тумани судининг 8 май куни тегишли ҳукми билан Тошкент давлат Иқтисодиёт университети талабаси 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳукми билан жазо белгиланганди.
Блогер Нурбек Алимов ҳам Жаҳонгир Улуғмуродов қамалиши билан боғлиқ вазиятга муносабат билдириб, жуда кўпчилик ушбу воқеани «қўшиқ тарқатгани учун», «оддий битта нашид тарқатгани учун» қабилида ёзаётганига тўхталиб ўтган.
Ушбу нашидда бизга тушунарли бўлган ўзбек тилида жиҳодга чорлов, «бу йўлда шаҳид бўбкетсак оху кўзли хурларга уйланбериш, душманлар (демократияни душман деб билишади ўша террорчилар) тобутини кўпайтирелик, бизни хурлар кутяпти биродарлар» деган деструктив бузғунчи чақириқлар янграйди. Мужоҳидларга эргашиш кераклиги, карвондан ортда қолмаслик каби классик террористик пропаганда бу.
Яхши ўша бола эргашиб кетиб қолмапти шу мужоҳидларга. Ҳозир у кимларнидир урушида парчаланиб кетган «мясо» бўлиши ҳам мумкин эди, агар вақтида эътибор қилинмаганда.
Ўша модда бўйича 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган экан ўзи аслида. Суд боланинг ёшлиги, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб жазони енгиллаштирган ҳолда 3 йил муддат берибди,— деб ёзади Нурбек Алимов.
Ижтимоий тармоқларда мунозаралар келтириб чиқарган суд ҳукми ҳақида Хушнуд Худойбердиев Telegram-каналида ўз фикрини ёзиб қолдирган. Блогер ҳукм адолатлими ёки йўқми деган саволни ўртага ташлаб, Жиззахда Telegram’даги 58 кишилик каналда бир неча марта тақиқланган диний материалларни юборган йигитга 3 йил озодликни чеклаш (уй қамоғи) жазоси тайинлангани, Қўқонда худди шундай тақиқланган материалларни тарқатишда айбланган йигитга ҳам озодликни чеклаш жазоси тайинланганига эътибор қаратмоқда.
Эътибор беринг, иккала вазиятда ҳам судланувчилар Жаҳонгир билан бир хил модда, яъни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбланган. Уларга қўйилган айб бир хил, аммо жазолар оғирлиги кескин фарқ қилади. Қайсидир судя адашган ёш йигитни 3 йиллик чеклов билан ота-онасининг бағрига, шу жамиятга қайтаряпти, қайсидир судя эса 3 йилга қамоққа юборяпти, — деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.
Бектош Хатамов эса ўз Telegram-каналида Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича касация тартибида Олий судга мурожаат қилиш кераклиги, ишни батафсил билмагани сабаб судянинг қарорини муҳокама қилишга бироз қийналиб тургани ҳақида ёзган.
Ҳозирги ҳолатда ҳукмнинг ўзидан келиб чиқиб судянинг адолатли ёки адолатсиз қарор қабул қилган дейиш сал қийинроқ. Лекин барибир кейинги инстанция судида буни яна кўриб чиқиш керак, — деб ёзади Бектош Хатамов.
Дилнур Камилов Жаҳонгир Улуғмуродов террорчиларнинг нашидасини тарқатган ягона шахс эмаслиги, ундан аввал ҳам, кейин ҳам ёшлар томонидан бу жиноятга қўл урилаётгани ҳақида ёзган.
Аммо негадир Жаҳонгир шахсияти ижтимоий тармоқларда баъзи сиёсатшунослар, сиёсатчилар ва айниқса диний блогерлар томонидан бот-бот айлантирилмоқда ва Жаҳонгирнинг сиймоси «Мазлум қаҳрамон» сифатида оммага кўрсатилиб, жамоатчиликка эмоционал-психологик томонлама таъсир ўтказиш ҳаракатлари ниҳоятда жадаллашган.
Жаҳонгир Улуғмуродов содир этган жиноятига яраша муқаррар жазосини олмоқда. 3 йиллик муддат «от звонка до звонка» бўладиган муддат эмас. Ахлоқ одоби, астойдил пушаймонлиги ҳисобга олиниб муддатидан аввал озодликка чиқиб кетиш эҳтимоли юқори эди, — деб ёзади Дилнур Каримов.
Facebook’да Dio Ra тахаллусида блогер онаизорнинг қон йиғлаганини мен ҳам кўргани, ачингани, лекин ҳозир эмотицияга берилиш оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзган.
Шунча одамнинг йиғиси учун бола озодликка чиқарилди дейлик, оқибатини тасаввур қила оласизми? Қонуннинг субути қаерда қолади? Диний моддалар билан қамалганлар ҳақида эшитгандирсизлар, камида 7-8 йилни қучоқлаб кетишади, камида. Бу йигитчага ҳамма шарт-шароит ҳисобга олиниб, 3 йилгина берилди. Осон қутулганига шукр дейиш керак асли, — деб ёзади Dio Ra.
Маълумот учун, Жаҳонгир Улуғмуродов 10-15 нафар синфдоши бўлган Telegram гуруҳига тақиқланган нашидни улашишда айбланган. Жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, Оққурғон туман суди томонидан Жаҳонгирнинг шахси, жиноят қилиш шароити ва сабаблари, унинг жиноятни содир қилгунча ва ундан кейинги хулқ-атворини инобатга олган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда, белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ бўлган 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ҳақида тушунтириш берилганди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, Жаҳонгир Улуғмуродов тарқатган нашид «Тавҳид ва жиход катибаси» террорчилик гуруҳининг Суриядаги жангариси томонидан куйлангани, Олий судининг қарорига кўра эса «Тавҳид ва жиход катибаси» террорчилик ташкилотлар руйхатига киритилган.