12:36 | 05.08.24
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хавфли бактерия ва вируслар рўйхатини янгилади. Рўйхатдан 30 та устувор патоген жой олган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ЖССТ хавфли бактерия ва вируслар рўйхатини янгилаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти навбатдаги пандемияни келтириб чиқариши мумкин бўлган вирус ва бактериялар рўйхатини янгилаган.
Бунинг учун 50 дан ортиқ мамлакатнинг 200 нафардан зиёд олимлари иштирокида 1652 патогенни қамраб олувчи 28 вирус ва битта асосий бактерия гуруҳига доир маълумотларни ўрганишга қаратилган тадқиқот натижаларига таянилди.
Янгиланган рўйхатдан 30 та устувор патоген жой олган. Улар сафига А гуруҳига мансуб грипп вируслари, денге иситмаси ва маймун чечаги (мпох) киритилди.
Экспертлар фикрича, ушбу манбадан инфекцияларга қарши янада самарали вакцина ҳамда препаратлар яратиш, соғлиқни сақлаш соҳасига доир зарур чора-тадбирлар ҳамда стратегияларни ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Яъни устувор патогенлар рўйхати инсоният саломатлигини асраш йўлида профилактик чоралар вазифасини ўтайди.
Ўтган ой ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесус дунёда исталган вақтда янги пандемия бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Ушбу прогноз учун баъзи минтақаларда парранда гриппи эпидемиясининг кутилмаганда авж олиши сабаб бўлганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: