19:34 | 30.06.24

                       

Жиззахда 5000 та шар учирилишига чек қўйилди

Жиззахда 5000 та шар учирилишига чек қўйилди.

Жиззахдаги «Наврўз» боғида 5000 та шар учирилиши ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5000 та шар учирилиши ҳақида эълон тарқалди. Экология вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида бўлиб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганиш давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди ва ҳолатга чек қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар доимий тарзда қоралаб келинмоқда. Вазирлик томонидан бу каби ҳолатлар тақиқланганлиги ва жавобгарликка сабаб бўлиши қайта-қайта таъкидланмоқда.

Хусусан, аввалроқ «Янги Ўзбекистон» боғида 10 000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи эканлиги хабарлар тарқалганди. Вазирлик бу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирди. Натижада бу тадбир бекор қилинганди.