21:57 | 10.07.24

                       

Жиззахда ака-ука куйдирги касаллигига чалингани рад этилди

Жиззахда ака-ука куйдирги касаллигига чалингани рад этилди. Улар чалинган хавфли касаллик тури аниқланган.

Жиззахда ака-ука куйдирги касаллигига чалингани гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Улар чалинган касаллик куйдирги эмаслиги аниқланди.

Маълум қилинишича, Зафаробод тумани, Ёрқин шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро даладан қайтган қорамолини касал деб гумон қилиб, сўйган. Ёрдамга эса акасини чақирган. Орадан бир неча кун ўтгач ака-укаларда яралар пайдо бўлган.

Яралар тузалмагач фуқаро 28 июнь куни шифокорга мурожаат қилган. Ортидан эса унинг акасини ҳам олиб келишган.

«Олиб кетишган ҳамма таҳлилларни. Жавоблари келишини кутиш керак. Ҳозирда даволаниш шу куйдирги касаллигидаги даволаниш бўляпти», — деган эди Зафаробод ТТБ юқумли касалликлар бўлими мудири.

Ҳолат юзасидан маъсуллар алоқага чиқишиб, тест жавоблари бўйича маълумот беришди.

«Вилоят санитария ва эпидемиологик осойишталик марказининг тегишли лабороториясида 8 июлдаги 1,2 хулосаларига кўра, касаллик қўзғалувчилари аниқланмаган. Бошқа жойдаги текширувларда ҳам куйдириги касаллиги аниқланмаган», — деди маъсуллардан бири.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда беморларнинг бир нафарига уйига жавоб берилган. Уларга карбункул ташхиси қўйилган. Беморларнинг ҳолати қониқарли.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: