11:58 | 01.10.24
FLTAL конференцияси икки кун давомида бўлиб ўтди. Конференция якунида делегатлар ўзининг меъморий мўжизалари ва маданий аҳамияти билан машҳур бўлган Самарқанднинг тарихий бойлиги билан танишиш имконига эга бўлишди.
Жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Жиззах давлат педагогика университетида 14-чи чет тилларни ўқитиш ва амалий тилшунослик бўйича анъанавий йиллик конференция (Foreign Language Teaching and Applied Linguistics – FLTAL) ўтказилди. Ушбу тадбир Африка ва Осиёдан Европа, Шимолий Америка ва Янги Зеландиягача бўлган минтақаларни қамраб олган 22 турли мамлакатлардан 100 дан ортиқ олимларни жалб этди. Ушбу мега-анжуман университетнинг амалий тилшунослик, лингвистик тадқиқотлар ва таълим учун муҳим марказлардан бири эканлигини исботлайди.
Мазкур 14-чи “Хорижий тилларни ўқитиш ва амалий тилшунослик” халқаро анжумани бутун дунёдаги барча даражаларда тил ва тилшуносликни ўқитишга қизиққан тадқиқотчилар, амалиётчилар ва ўқитувчиларни бирлаштиришга қаратилганди. FLTAL-2024 конференцияси мавзуси “Тил таълими ва лингвистик тадқиқотлардаги инновацияларни ўрганиш” назарий ва амалиёт ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва тадқиқот натижаларини амалиётда қўллаш бўйича турли нуқтаи назарларни ўрганиш учун тадқиқот жамоаларини жалб қилиш учун мўлжалланганди.
Бу галги конференция ташкилотчилари Жиззах давлат педагогика университети бошчилгида ўтказилган анжуманни жаҳон талаблари даражасида бўлишини таъминлашга эришди. Эътиборлиси, FLTAL конференцияси Жиззах давлат педагогика университетининг 50 йиллиги муносабати билан “Таълимни ривожлантириш стратегияси: қадриятларга асосланган тараққиёт” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси билан бирга ўтказилди.
Анжуманнинг очилиш маросимида унинг иштирокчилари олдида Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор Шавкат Шарипов, FLTAL раиси профессор Азамат Акбаров, Озарбайжон давлат педагогика университетининг проректори, профессор Моҳира Ҳусейнова ҳамда АҚШ, Буюк Британия, Испания, Янги Зеландия ва Туркиялик меҳмонлар конференциянинг очилиш маросимида ўз нутқлари билан чиқиш қилишди.
Тилшунослик профессори Азамат Акбаров ташаббуси билан асос солинган FLTAL узоқ йиллар давомида ҳақиқий брендга айланди, илмий доираларда кенг танилди. Чунки у оз эмас, кўп эмас, филолог олимлар, тилшунослар, тил ўқитувчиларининг ўзига хос олимпия ўйинлари каби ўтади. Нуфузли жаҳон экспертлари таассуротига кўра, мутахассисларнинг анжуманда намойиш этилган амалий педагогик ва илмий-тадқиқот ишларида бевосита эришган ютуқлари методик таълим жараёнини жиддий чуқурлаштириш ва такомиллаштириш, самарали натижага эришишга кетадиган вақтни сезиларли даражада қисқартириш, замонавий тилшунослик ривожида янги истиқболлар ва ривожланиш йўлларини белгилаб олиш имконини берди.
FLTAL конференцияси раиси профессор Азамат Акбаров, Жиззах давлат педагогика университети ректори профессор Шавкат Шариповга тадбирни ўтказишда кўрсатган беқиёс ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди. Профессор Азамат Акбаров ушбу анжуман нафақат университетнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, балки минтақадаги таълим ютуқлари ва маданий меросига эътибор қаратиш орқали туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
FLTAL конференциясининг раиси профессор Азамат Акбаров ва ЖДПУ ректори профессор Шавкат Шариповга Озарбайжон давлат педагогика университетининг фахрий доктори унвони тантанали топширилди. ЖДПУ томонидан эса Озарбайжон давлат педагогика университети проректори, FLTAL конференциясида пленар маърузачилардан бири бўлган профессор Моҳира Ҳусейновага “фахрий профессор” унвонини топширилди.
FLTAL конференцияси икки кун давомида бўлиб ўтди. Конференция якунида делегатлар ўзининг меъморий мўжизалари ва маданий аҳамияти билан машҳур бўлган Самарқанднинг тарихий бойлиги билан танишиш имконига эга бўлишди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, FLTAL уюшмаси Ўзбекистонда чет тиллар ўқитиш соҳасида жаҳон педагогик инновациялари ва энг сўнгги илмий-методик тадқиқотларни тақдим этиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз: FLTAL конференциялари 2011-2016 йилларда Европа мамлакатларида ўтказилган бўлса, 2017 йилдаги анжуман Назарбаев Университетида (Қозоғистон), 2018 йил КИМEП Университети (Қозоғистон)да, 2019 йили М.
Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида, 2020 йили юбилей 10-чи FLTAL Самарқандда “Ипак Йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида, 2021 йили Бухоро давлат университетида, 2022 йили Урганч давлат университетида, 2023 йили Жиззах давлат педагогика университетида бўлиб ўтганди. Ушбу йиллар давомида конференциянинг асосий спикерлари сифатида жаҳоннинг энг машҳур тилшунослари қатнашишган. Булар жумласидан, 2013 йили дунёга машҳур тилшунос Ноам Хомский ҳам қатнашганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: