13:30 | 19.06.24

                       

Жиззахда одам ўлимига сабаб бўлган талаба жазодан озод этилди

Жиззахда одам ўлимига сабабчи бўлган талаба жазодан озод этилди. У автоҳалокат билан боғлиқ жиноят содир этган.

Жиноят ишлари бўйича Зарбдор туман судида эҳтиётсизлик оқибатида бировнинг ўлимига сабабчи бўлган зоминлик 23 ёшли Х.У. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан Зарбдор туман судида айбланувчи Х.У.га оид жиноят иши кўриб чиқилди. Судда у содир этган жиноят иши эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққанлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, ОТМ талабаси эканлиги ҳисобга олинди.

Талаба «жиноятни эҳтиётсизлик оқибатида содир этган» деб топилган ва 7 йилгача қамоқ жазоси берилиши ўрнига суд залидан озод қилинган.

Таъкидланишича, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида Х. У.га қонун доираисда енгиллик берилди. Х.У.нинг хулқи ва тарбияси бир йил давомида Ёшлар иттифоқи назоратида бўлади.

«Ҳеч қандай жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Қонунни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан асраб қолмайди. Кимнинг ёки қайсидир ташкилотнинг кафиллигида озод этилди, назоратида бўлади, дегани «Бутунлай оқланди», дегани ҳам эмас, энди жиноят содир этган шахс ниҳоятда эҳтиёт ва огоҳ бўлиши, қонунни умуман бузмаслиги шарт, деганидир. Акс ҳолда, эндиги жазо жуда қаттиқ бўлиши мумкин. Буни унутманг», — дейилади хабарда.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: