18:50 | 20.08.24
Жўраевларнинг навбатдаги суди қачон ўтказилиши маълум бўлди. ДНК натижалари эълон қилиниши мумкин.
Ботир Қодиров Зоҳиршоҳ Жўраевни судга бергани, Жўраев оталикни белгилаш иши буйича судда жавоб бериши ҳақида хабар берилган эди.
Bugun.uz манбаларига кўра, эртага, 21 август куни ушбу иш доирасида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтади.
2024 йилнинг 2 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида даъвогар вакили Ботир Қодиров ҳақиқатдан ҳам марҳум санъаткор Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Шерали Жўраевнинг ўғли эканини аниқлаш мақсадида ДНК экспертизаси ўтказишни сўраб судга илтимоснома билан мурожаат қилган эди. Мазкур сўровга асосан судья номаълум муддатга суд мажлисини қолдирган.
Мазкур иш ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. ДНК экспертизаси натижаси эълон қилиниши мумкин. Суд якуний қарорни қачон эълон қилиши ҳозирча маълум эмас.
Маълумот учун, Ботир Қодиров шу йилнинг февраль ойида онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Мазкур иш 15 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида судья Ўтанбоева томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Бироқ жавобгар (Зоҳиршоҳ Жўраев) вакили иш билан танишиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Биринчи суд мажлиси 23 апрель куни бўлиб ўтди. Билдирилишича, суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш яна 2 майга қолдирилган.
Даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Ҳалимжон Нурматов билан Ботир Шералиевич Қодировнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.
Ботир Қодировнинг ўзи Жўраевларни судга берганига Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уни ҳақоратлаб қўйган пости сабаб бўлганини айтди.
Гап шундаки, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Instagram саҳифасида Ботир Қодировга тегиштириб, ноўрин сўзларни ёзган. Қодировнинг продюсери Асрор Исохўжаевнинг сўзларига кўра, айнан шу пост сабабли қўшиқчи марҳум санъаткор Шерали Жўраев оиласини судга беришга мажбур бўлган.