15:20 | 05.11.24

                       

Зулфия мукофотига номзодларни танлаш тартиби белгиланди

Зулфия мукофотига номзодларни танлаш тартиби белгиланди.

Ҳукуматнинг 731 сон қарори билан Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни танлаш ва ҳужжатларини топшириш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди.

Мазкур қарорга кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва номзодларнинг ютуқларини, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари аниқланди.

Номзодлар қуйидаги 8 йўналишда – фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича танлов орқали сараланади.

Мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қобилиятли аёлларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.

Саралаш босқичлари туман (шаҳар) босқичи — 2 сентябрдан 20-октабргача, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи – 21-октабрдан 30 ноябргача, республика босқичи – 1 декабрдан 31 декабргача ўтказилади. 

Маълумот учун, мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ҳар биридан икки нафар вакилга — жами 28 нафар номзодга топширилади.

Мукофот эгалари диплом, кўкрак нишони ва БҲМнинг 50 баравари миқдорида пул мукофотини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тантанали равишда оладилар.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: