11:11 | 07.06.22
У эски лавозимида 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганди
Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров жиноят иши доирасида 6 июнь куни гумонланувчи тариқасида процессуал тартибда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Bugun.uz»га хабар берди.
Маълум қилинишича, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Маълумот учун, шаҳри ҳокими эски лавозимида 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган.
«Kun.uz» нашри ихтиёрига Баҳром Ҳайдаровни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича киритилган тақдимнома кенгаш йиғилишида ўқиб эшиттирилгани акс этган аудио келиб тушган.
Бош прокуратура томонидан киритилган тақдимномада Андижон шаҳри ҳокими ҳисобланган Баҳром Ҳайдаровни 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган молиявий жиноятлари учун терговга тортиш масаласи кўтарилган.
Унга кўра, Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳри халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, UZASBO дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномалари ва тўлов топшириқномаларини сохталаштирган ҳолда тўловга тақдим қилиб, 48,5 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Жумладан, 2017 йилдан 2019 йил 8 октябрга қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Баҳром Ҳайдаров ўзининг мансаб ваколатларидан фойдаланиб, бошқа мансабдорлар томонидан асоссиз равишда ойдан ойга кўчирилган 9 миллиард сўм маблағларнинг ўрнини тўлдириш учун 14,3 миллиард маблағларни шаҳар халқ таълими бўлимига ноқонуний равишда ортиқча ажратиб берган.
Шунингдек, у вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида бюджет маблағларини қатъий иқтисод қилмагани оқибатида 6,8 миллиард сўм ягона ижтимоий тўлов ҳамда даромад солиғи тегишли жамғарма ва бюджетларга кирим қилинмаган.
Маълумот ўрнида, аввалроқ ҳоким ушбу лавозимида ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирган.
Шунингдек, Андижон шаҳри ҳокими фуқарони ҳақорат қилгани юзасидан расмий муносабат билдирилганди.