16:12 | 06.09.22
Шунингдек, вазирликка кўра, ушбу лойиҳа учун бюжетдан маблағ сарфланмайди
Халқ таълими вазирлиги ўқувчилар учун мўлжалланган «Kundalik.com» тизимидан фойдаланишнинг афзалликлари ва унга обуна бўлиш мажбурий ёки мажбурий эмаслиги тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.
«Kundalik.com» — рақамли таълим платформаси бўлиб, ўқитувчилар учун онлайн режимда дарсларни режалаштириш, дарс ишланмаларини тузиш, ўқувчиларнинг давомати ва ютуқларини журнал ҳамда кундаликнинг электрон шаклларида юритиш имконини яратади. Унинг ёрдамида статистик ҳисоботлар автоматик тарзда юритилади ва қўлда ёзиш шарт эмаслиги боис вақт беҳуда сарфлашнинг олди олинади.
Мазкур тизим Ўзбекистоннинг ички интернет тармоғи — TAS-IX ҳудудида жойлашганлиги сабабли платформа билан ишлашда уяли алоқа операторлари орқали фойдаланиладиган интернет-трафик сарфланмайди.
«Шу билан бирга тизим интернет тармоғи етиб борган ва яхши алоқа сифати таъминланган ҳудудлардаги мактабларгагина жорий қилинган. Табиийки, интернет алоқаси мавжуд бўлмаган (масалан, тоғли қишлоқлар) ҳудудлардаги мактаблар анънавий кундалик дафтарларидан фойдаланиши давом этмоқда», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, «Kundalik.com» тизимига обуна бўлиш ота-оналар учун ихтиёрий саналади. Фойдаланувчилар тўғрисидаги барча маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади. Тизим орқали ўқитувчининг вақти тежалади, уларга электрон журналдан фойдаланиш бепул тақдим этилади. Мисол учун, қатор ривожланган мамлакатлар ўқитувчилари бунинг ёрдамида ҳар чоракда 20 соатдан ортиқ иш вақтини тежайди. Мазкур тежалган вақтни эса ўқитувчи болалар билан ижодий шуғулланишга ёки қўшимча ўқув материалларини ўзлаштиришга сарфлаши мумкин.
«Kundalik.com» лойиҳаси тўлиқ инвестиция маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, дастурий маҳсулотни яратиш, уни мактабларга жорий этиш, сақлаш ва ривожлантириш учун бюджет маблағлари сарфланмайди.
Мазкур электрон кундаликнинг нархи Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан қоғоз кундалик нархига мос тарзда белгиланган ҳамда йилдан йилга арзонлаштирилиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилда унинг йиллик обуна нархи (365 кун) 9,2 минг сўм этиб белгиланган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 8,6 минг сўмни, 2022 йилда 8 минг сўмни ташкил этмоқда.
Тизим орқали ота-оналар фарзандларининг дарсга қатнашаётгани, дарсни қай даражада ўзлаштириб бораётгани, эртанги кунги уй вазифалари хусусида тезкор маълумотларга эга бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида «Кундалик» электрон тизимини татбиқ этиш 2019 йилдан бошланган эди. Бошланғич даврда тизимдан фойдаланиш бепул бўлган, 2020 йил ноябридан пуллик тартибга ўтган. Ўшанда тизимдан бир йиллик фойдаланиш баҳоси бир ўқувчи учун 9200 сўм эди.
Ушбу тизимнинг татбиқ этилиши ўқитувчи ва ота-оналарнинг барчаси томонидан ҳам бирдек илиқ кутиб олинмаган. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги томонидан таклиф этилаётган пуллик кундалик тизими болаларнинг бепул таълим олиш ҳуқуқига дахл қилмайдими, деган масала мунтазам кун тартибига чиқиб туради.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: