19:53 | 06.09.22

                       

Ўзбекистонда мактаб дарсликларининг ижара тўлови доимий равишда бепул бўлади — ХТВ

Бунинг механизмини ишлаб чиқиш бўйича Президент томонидан топшириқ берилган

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда мактаб дарсликларининг ижара тўлови доимий равишда бепул бўлишини маълум қилди.

Таъкидланишича, 6 сентябрь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида соҳа фаолияти билан боғлиқ кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган долзарб масалаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтган.

Тадбир аввалида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар хусусида атрофлича маълумот бериб ўтилган.

Қизғин ва турли мавзуларга бой бўлган анжуман давомида журналистларнинг халқ таълими тизими, жумладан, мактаб дарсликларини чоп этиш, уларнинг ижараси, электрон кундалик тизими ва бошқа муҳим саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилган.

Таъкидланишича, эндиликда мактаб дарсликларининг ижара тўловлари доимий равишда бепул бўлади ва айни дамда бунинг механизми ишлаб чиқилиши бўйича давлат раҳбари томонидан топшириқ олинган. Тадбир давомида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва малакасини оширишга доир қатор муҳим масалалар юзасидан иштирокчилар саволларига жавоб берилган.

Аввалроқ Мактаб дарсликлари ижара пулининг бекор қилиниши фақатгина жорий йил учун тақдим этилгани маълум қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: